Покистоннинг Bank Alfalah банки Афғонистондаги фаолиятини бутунлай тўхтатди ва ўз банк бизнесини маҳаллий Ghazanfar Bank’га топширди, деб хабар берди Ariana News нашри. Покистоннинг Business Recorder нашри аниқлик киритишича, ушбу бизнес билан боғлиқ активлар ва мажбуриятлар ҳам Ghazanfar Bank ихтиёрига ўтган.
Банк акциядорларга йўллаган ва 6 ноябрь, жума куни эълон қилинган хабарномасида битим 5 ноябрда якунланганини маълум қилди. Бунга қадар у Покистон Давлат банки ҳамда Афғонистон марказий банкининг розилигини олган ва бошқа шартларни бажарган эди.
Хабарномада қайд этилишича, Bank Alfalah Афғонистондаги банк операцияларини тўхтатган. Афғон филиалларини ёпиш жараёнини у тартибга солувчи органлар талабларига мувофиқ якунига етказади.
Банк Кобулда 2005 йилда ўз фаолиятини бошлаган бўлиб, анъанавий ҳамда исломий банк хизматларини таклиф қилган. Кейинчалик у Ҳиротда филиалини очган.
Мамлакатдан чиқиб кетиш тўғрисидаги қарор деярли бир йил давомида тайёрланган. Business Recorder ёзишича, 2025 йил декабрида банк директорлар кенгаши Ghazanfar Bank’нинг харид қилиш бўйича мажбурий бўлмаган таклифини қабул қилган. 2026 йил январида эса иккала давлатнинг марказий банклари текширув (due diligence) ўтказишга дастлабки розиликни берган. Банк ўз мижозлари учун саҳифасида Кобул ва Ҳиротдаги ҳисобварақ эгаларидан 2 ноябргача қолдиқ маблағларини Ghazanfar Bank’га ўтказиш ёки пулни нақд ечиб олиб, ҳисобни ёпиш тўғрисида қарор қабул қилишни сўраган. Агар мижоз жавоб бермаган бўлса, қолдиқ маблағ Ghazanfar Bank’га автоматик тарзда ўтказилган. Ўша саҳифада Bank Alfalah ўзини Афғонистондаги энг йирик хорижий банк деб атаган эди.
Толиблар даврида Афғонистон банк сектори инқироз ҳолатида қолмоқда. Жаҳон банки маълумотларига кўра, мамлакат халқаро банк тизимидан узилган, марказий банк захиралари эса музлатиб қўйилган. «Озодлик» радиоси таъкидлаганидек, инқироз туфайли 12 та давлат ва тижорат банкидан айримлари ёпилган, қолганлари эса чекловлар билан иш олиб борган. 8am.media нашри ёзишича, 2021 йилдан сўнг хусусий банкларнинг аксарият акциядорлари ва эгалари мамлакатни тарк этган.



