Ўзбекистонда кейинги йилдан пахтани тўлиқ машинада теришга ўтилади

Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати фотоси

2027 йилда Ўзбекистон пахтани қўлда теришдан бутунлай воз кечиб, жараённи 100 фоиз механизациялаштиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда республика Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов маълум қилди, деб хабар беради «Газета.uz».

Мулозимнинг таъкидлашича, 2026 йилда мамлакатда 5 миллион тоннадан ортиқ пахта хомашёси йиғиб олинган бўлиб, унинг 75–80 фоизи техника ёрдамида териб олинди. Сирдарё ва Жиззах вилоятлари эса ҳосилни механизациялашган усулда йиғиштириб олишга тўлиқ ўтди. Жорий мавсумда 3 мингга яқин пахта териш машинаси қатнашди, уларнинг ярми айнан шу йилнинг ўзида харид қилинган.

Вазирнинг сўзларига кўра, унинг идораси президент Шавкат Мирзиёевнинг пахта иқтисодий жиҳатдан манфаатли асосда етиштирилиши ва фақат машиналарда териб олиниши лозимлиги тўғрисидаги топшириғини бажармоқда.

Абдураҳмоновнинг аниқлик киритишича, қўл меҳнати катта ҳажмли техника кира олмайдиган кичик майдонларда ҳамда боғлар орасидаги пайкалларда қўлланилган. Бундай ерларнинг майдони 53 минг гектардан ошмайди. Келгусида ушбу ерларни пахта майдонлари таркибидан чиқариш — бу ерларга сабзавот ва бошқа экинлар экиш режалаштирилган.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги раҳбари машинада теришга ўтиш далаларда банд бўлган фермерларнинг даромад манбаларини йўқотишига олиб келмаслигини таъкидлади. Чунки пахта ҳосили ҳажмининг ўсиши кутилмоқда, бу эса тўқимачилик саноатида янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилади.

Вазир жорий йилда янги агротехнологиялар, шунингдек, ғўза тунламига (қишлоқ хўжалиги экинлари зараркунандаси) чидамли навлар фаол қўлланилганини қўшимча қилди. Натижада қарийб 400 минг гектар майдонда ўртача ҳосилдорлик гектарига 70 центнерга, тахминан 70 минг гектарда эса 100–110 центнерга етди.

Бироқ, барча хўжаликлар ҳам бу янгиликларни жорий этмаган, шу боис уларнинг кўрсаткичлари ўртача натижалардан орқада қолмоқда. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бундай фермерларни яшил, сариқ ва қизил тоифаларга ажратиб, алоҳида реестрга киритди.

Абдураҳмонов, шунингдек, бошқа мамлакатлар, хусусан, Хитой, Бразилия, Аргентина ва Туркия тажрибасидан фойдаланиш ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. Хитой Халқ Республикасининг Шинжон-Уйғур автоном районида фаол қўлланилаётган қалин экиш технологиясига алоҳида эътибор қаратилди. Вазирнинг айтишича, у ерда бир гектарга тахминан 250 минг туп кўчат экилганда, ҳосилдорлик ўртача 90 центнерга етмоқда.

Бундай тажрибани Ўзбекистонда ҳам жорий этишга тайёргарлик кўрилмоқда. Келгуси йили барча пайкалларда ўртача ҳосилдорлик гектарига 70 центнерга етказилиши кутилмоқда. Мутахассисларнинг прогнозларига кўра, умумий пахта ҳосили 6 миллион тоннадан ошиши мумкин.

Шунингдек, соҳа идораси раҳбари республикада ишлаб чиқарилаётган барча пахта толаси эндиликда мамлакатнинг ўзида қолиб, маҳаллий корхоналарда қайта ишланаётганини таъкидлади. Бунинг учун, дея қўшимча қилди Абдураҳмонов, бугунги кунда Ўзбекистонда 142 та тўқимачилик кластери ва 183 та фабрика фаолият юритмоқда.

Илгари тола экспорти тахминан 1 миллиард доллар даромад келтирган бўлса, эндиликда тайёр маҳсулотларни хорижга етказиб бериш қарийб 4,1 миллиард долларни ташкил этмоқда. Истиқболда бу кўрсаткични 9 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилган, деди вазир.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ