Қирғизистоннинг Боткен вилоятида Тожикистон билан ҳудудлар алмашинуви натижасида республика ихтиёрига ўтган 170 та уйни тақсимлаш режалаштирилмоқда. Кўчмас мулк 2021–2022 йилларда қирғиз-тожик чегарасидаги қуролли низолар пайтида турар жойи зарар кўрган фуқароларга ажратилади, деб хабар беради «Кабар» агентлиги Қирғизистон президентининг Боткен вилоятидаги ваколатхонасига таяниб.
Ҳудудлар алмашинуви натижасида Қирғизистон жами 213 та уйни қабул қилиб олган бўлиб, шундан 170 таси яшаш учун яроқли деб топилган. Уларни тақсимлаш билан президентнинг ваколатли вакили биринчи ўринбосари Бактибек Токсонбаев бошчилигидаги вилоят ишчи гуруҳи шуғулланмоқда.
Биринчи навбатда, 2021–2022 йиллардаги қуролли тўқнашувлар оқибатида битта ер участкасида жойлашган иккита уйи яроқсиз ҳолга келган фуқароларнинг мурожаатлари кўриб чиқилмоқда. Тожикистондан қабул қилиб олинган биноларни уларга иккинчи уй сифатида бериш режалаштирилган.
Ишчи гуруҳ Қирғизистон президентининг Боткен ва Ўш вилоятларининг жабр кўрган ҳудудларини қайта тиклаш тўғрисидаги 2022 йил 17 сентябрдаги фармонига мувофиқ шакллантирилган давлат комиссияси қарори асосида тузилган.
Токсонбаевнинг таъкидлашича, кўчмас мулкни тақсимлаш холисона ва қонун талабларига қатъий риоя этилган ҳолда амалга оширилиши керак. Уйларни янги эгаларига яқин кунларда топшириш кўзда тутилмоқда.
Бундан олдин Қирғизистон ҳукумати давлат чегараси ўзгариши оқибатида кўчмас мулки Тожикистон ҳудудида қолиб кетган фуқаролар учун 257 та янги турар жой қурилганини маълум қилган эди. Ушбу уйлар Боткен вилоятининг Янги-Дўстлик, Мақсат қишлоқларида ҳамда Раззоқов шаҳрида қад ростлаган.
2025 йил март ойида Қирғизистон президенти Садир Жапаров ва Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон чегарани делимитация қилиш бўйича кўп йиллик музокараларни якунлаб, давлат чегараси тўғрисидаги шартномани имзоладилар. Келишув, жумладан, чегарадош ҳудудларнинг айрим участкаларини алмашишни ҳам назарда тутган эди. Ўша вақтда қуролли тўқнашувлардан кейин ёпиб қўйилган иккита назорат-ўтказиш пунктининг фаолияти ҳам қайта тикланди.
Қирғиз-тожик чегарасидаги йирик тўқнашувлар 2021 йилнинг апрелида ва 2022 йилнинг сентябрида юз берган эди. Улар одамларнинг қурбон бўлиши, уй-жойларнинг вайрон этилиши ҳамда чегараолди ҳудудлари аҳолисининг оммавий эвакуация қилиниши билан кечган. 2025 йил мартида томонлар умумий чегаранинг ўтиш чизиғи бўйича келишувларни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйдилар.



