Тожикистоннинг Сўғд вилоятида муқаддам амнистия бўйича озодликка чиқарилган 70 нафар шахс турли жиноятларни содир этгани учун яна озодликдан маҳрум этилди. Минтақа судлари тегишли қарорларни қабул қилди, деб хабар беради Sputnik.
Шу билан бирга, такрорий жиноят ишларининг тафсилотлари, жумладан, айблов моддалари ва тайинланган жазо муддатлари келтирилмаган. Шунингдек, маҳкумларнинг озодликда қанча вақт бўлгани ва уларнинг барчаси 2026 йилнинг июнь ойида эълон қилинган сўнгги амнистия доирасида озод қилинганми-йўқми, бунга ҳам аниқлик киритилмаган.
Бундан олдин Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари амнистия қилинган фуқароларнинг такроран қўлга олиниши ҳақида хабар берган эди. Сентябрь ойида «Озоди» радиоси камида еттита шундай ҳолат юз бергани ҳақида маълум қилган. Қайта ҳибсга олинганларнинг аксарияти ўғриликда гумон қилинган.
Хусусан, Сўғд вилоятининг Конибодом шаҳрида беш киши қўлга олинган бўлиб, уларнинг тўрт нафари аввалроқ амнистия бўйича озодликка чиққан эди. Ҳуқуқ-тартибот идораларининг таъкидлашича, улардан бири бир ой ичида тўртта ўғрилик содир этган. Душанбеда эса икки собиқ маҳкум озодликка чиққанидан уч кун ўтиб, турар жойдан пул ва қимматбаҳо буюмларни ўғирлаганликда гумон қилинган.
Президент Эмомали Раҳмон Тожикистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисидаги қонунни 2026 йил 16 июнда имзолаган эди. Дастлаб ушбу жараён 18 038 кишини қамраб олиши назарда тутилганди. 11 мингдан ортиқ маҳкумни жазодан озод қилиш, қолганларининг қамоқ муддатини қисқартириш режалаштирилган эди.
Август ойининг ўрталарига келиб амнистия 20 684 кишига нисбатан қўлланилди. Улардан 14 343 нафари жиноий жавобгарликдан ёки жазони ўташдан озод этилди, жумладан, саккиз мингдан зиёд киши ахлоқ тузатиш муассасаларидан чиқарилди.
Биргина Сўғд вилоятида август ўрталарига келиб 5100 киши қонун таъсирига тушди. Улардан 2157 нафари ахлоқ тузатиш муассасаларидан ёки жиноий таъқибдан озод этилган бўлса, яна 2260 маҳкумнинг жазо муддати бир йилдан уч йилгача қисқартирилди. Амнистия қилинганлар орасида 74 нафар аёл ва 34 нафар вояга етмаганлар бор эди. Ўша вақтнинг ўзидаёқ вилоят прокуратураси вакиллари қайта жиноят содир этишнинг учта ҳолати ҳақида маълум қилишган эди.
Амнистия ҳукм қилинган тожикистонлик журналистлар ва блогерларни ҳам қамраб олди. Улардан айримларининг озодликдан маҳрум этиш муддати уч йилга қисқартирилди. Хусусан, жазонинг енгиллаштирилиши Абдулло Ғурбатий ва Рухшона Ҳакимовага ҳам тегишли бўлди.



