Ўзбекистоннинг ОҚХЖдаги раислиги даврида 3,3 миллиард долларлик 133 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилмоқда

aral.uz сайтидан олинган сурат

Ўзбекистон Оролни қутқариш халқаро жамғармасига (ОҚХЖ) раислик қиладиган 2027–2029 йилларда умумий қиймати 3,3 миллиард доллар бўлган 133 та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Ушбу ташаббуслар тақдимоти 9 ноябрь куни давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевга намойиш этилди, деб хабар берди унинг матбуот хизмати.

Яқин истиқбол учун ишлаб чиқилган лойиҳалар сув ресурслари, экология ҳамда Оролбўйи минтақасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш соҳаларини қамраб олади. Хусусан, сув хўжалиги иншоотларини модернизация ва реконструкция қилиш, ресурсларни тақсимлаш ҳамда ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимларини жорий этиш, гидрометеорология маълумотларини мониторинг қилиш, тошқинлар ва қурғоқчиликни башорат қилиш ҳамда бундай ҳодисалардан барвақт огоҳлантириш бўйича минтақавий рақамли платформани ишга тушириш назарда тутилган. Бундан ташқари, аҳолини тоза ичимлик суви ва санитария хизматлари билан таъминлашга қаратилган ташаббуслар ҳам ўрин олган.


Лойиҳаларни молиялаштиришга халқаро ташкилотлар, жумладан, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Яшил иқлим жамғармаси ҳамда Глобал экологик жамғарма жалб этилади.

Мирзиёев мазкур ташаббусларнинг муҳимлигини таъкидлаб, келгуси йил учун ишларнинг ойлик «йўл харитаси»ни тасдиқлаш ва унинг ижросини таъминлаш бўйича топшириқ берди. Президент, шунингдек, жараёнга халқаро экспертлар, профессор ва олимларни, шу жумладан хорижда истиқомат қилаётган ватандошларни жалб этиш зарурлигини айтди.

Тақдимотда Ўзбекистоннинг ОҚХЖдаги раислигининг устувор йўналишлари белгилаб берилди. Жумладан, жамғарма тузилмаси ва шартномавий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, унинг органлари ваколатларини аниқ чегаралаш ҳамда Афғонистон билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилади.

Шунингдек, бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, «Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти» Миллий тадқиқот университетини ОҚХЖнинг тегишли лойиҳаларини амалга ошириш бўйича илмий-таҳлилий платформага айлантириш таклиф қилинди. Шу муносабат билан олий таълим муассасаси фаолияти ўзгаради, масалан, таълим ва тадқиқот жараёнларига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш жадаллаштирилади, экологик тиклаш ҳамда сувни тежаш соҳасида илмий ёндашув кенгайтирилади.

Шу билан бирга, мутахассислар Амударё ва Сирдарё ҳавзалари бўйича ягона маълумотлар базасини шакллантиради, чўлланишга қарши курашиш режасини ишлаб чиқади. Университетда Марказий Осиё республикалари ва Афғонистоннинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда сув хўжалиги бўйича бакалавриат ва магистратура дастурлари йўлга қўйилади.

ℹ️ Оролни қутқариш халқаро жамғармаси 1993 йилда Марказий Осиё давлатлари томонидан ташкил этилган. Шу вақт мобайнида минтақа мамлакатларининг самарали ҳамкорлиги ва йирик молиявий институтлар кўмаги туфайли ОҚХЖ Орол денгизи ҳавзасидаги сув ресурсларини келишилган ҳолда бошқаришни таъминлашга эришди. Айни пайтда ташкилотга Қозоғистон раислик қилмоқда, бироқ келгуси йилдан бошлаб тегишли вазифалар Ўзбекистонга ўтади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ