Фарғона вилояти суди кассация инстанциясида 105 нафар давлат боғчаси тарбияланувчисининг заҳарланиши билан боғлиқ ишни кўриб чиқиб, аввалроқ чиқарилган ҳукмни ўзгартирди. Айбдор деб топилган Garden Catering Trade компанияси вакилларига озодликни чеклаш ўрнига ҳақиқий қамоқ жазолари тайинланди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг тегишли ҳудуди судлари матбуот хизматига таяниб «Газета.uz» хабар беради.
Вилоят суди ҳукми 7 ноябрда эълон қилинди. Ушбу ҳукмга биноан, республика Жиноят кодексининг 59-моддаси («Бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш») ва 61-моддасига («Жазоларни қўшишда ҳисоблаш қоидалари») мувофиқ, корхона раҳбари Шавкат Турдалиев 4 йил колония, корхона технологи Расулжон Алимов эса 3 йил-у 6 ой озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилинди.
Аввалроқ, сентябрь ойида Фарғонанинг Фурқат туман суди боғча тарбияланувчиларининг оммавий заҳарланиши иши бўйича суд жараёнини якунлаган эди. Ўшанда Garden Catering Trade ходимларига талон-торожлик ва бошқа жиноятлар ҳам айб сифатида қўйилган эди. Натижада Турдалиев Жиноят кодексининг 257-1-моддаси («Санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш»), 167-моддаси («Ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан жуда кўп миқдорда талон-торож қилиш») ва 228-моддаси («Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш») бўйича айбдор деб топилган эди.
Алимов эса фақат 257-1-модда бўйича айбдор деб топилганди.
Суд иш иштирокчиларини озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилган эди: корхона раҳбарига 3,5 йил, технологга эса 3 йил тайинланган эди. Боғчаларга сифатсиз озиқ-овқат етказиб берган компаниянинг ҳар икки вакили суд залида қамоқдан озод қилинганди.
Бундай енгил жазо тайинлангани айбланувчиларнинг муқаддам судланмагани, қилмишидан чин дилдан пушаймон бўлгани ҳамда 1,1 млрд сўмлик (92 минг доллар) моддий зарарни тўлиқ қоплагани билан изоҳланган эди. Шунингдек, заҳарланиш оқибатида болаларнинг соғлиғига енгил шикаст етказилгани ҳам инобатга олинганди.
Эндиликда эса ҳукм ўзгартирилди ва фарғоналиклар жазони ўташ колониясига юборилади.
Оммавий заҳарланиш ҳодисаси жорий йилнинг февраль ойида маълум бўлган эди. Фарғонадаги бирданига учта давлат боғчаси тарбияланувчиларида диарея, кўнгил айниши, қайт қилиш ва юқори ҳарорат кузатилганди. Жами 105 нафар бола жабрланиб, уларга шифокорлар ёрдами талаб этилган эди.
Кўп ўтмай, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари санитария ва эпидемияга қарши кураш қоидалари бузилгани ҳолати юзасидан жиноят иши қўзғатди. Ўшанда аутсорсинг асосида мактабгача таълим муассасаларига озиқ-овқат етказиб берган Garden Catering Trade компанияси дастлабки тендер ўтказмасдан ҳудуд ҳокимлиги билан 100 млрд сўмлик (тахминан 8,5 млн доллар) шартнома тузгани ҳам қайд этилганди.



