Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон мухтор вилояти (ТБМВ) «Рушон» клуби футболчилари кундузи ўз стадиони қурилишида ишламоқда, оқшомлари эса машғулотларга чиқмоқда. Жамоа мамлакат Биринчи лигасига чиқиш учун плей-офф (ўтиш) ўйинларига ҳозирлик кўрмоқда ва ғалаба қозонса, мустақиллик йилларида миллий чемпионатнинг иккинчи даражали дивизионида тоғли минтақа номидан қатнашган илк жамоа бўлиши мумкин. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати маълум қилди.
«Рушон» тарқатган хабарда қайд этилишича, футболчилар Рушон туманидаги стадион қурилишида ихтиёрий равишда ёрдам бермоқда. Эълон қилинган суратда ўйинчилар қурилиш қўлқоплари ва кураклар билан иш кетаётган майдонда суратга тушган. Шу билан бирга, жамоа машғулот жараёнини ҳам тўхтатмаяпти.
«Футболчилар нафақат стадионни, балки бутун туман болалари ва ёшлари учун футбол келажагини ҳам барпо этмоқда», — дейилади клуб нашрида.
Бўлажак уй майдонига «Рушон Арена» номи берилди. NAVO агентлигининг 11 ноябрь куни хабар беришича, иншоот қурилиши якунига етиб қолган. Клуб очилишдан сўнг ўз уй учрашувларини шу ерда ўтказишни мўлжалламоқда. Стадион сиғими ва қурилиш харажатлари ҳозирча ошкор қилинмаган.
Бир вақтнинг ўзида «Рушон» Тожикистон Биринчи лигасида иштирок этиш ҳуқуқини берувчи ўтиш баҳсларига тайёрланмоқда. Ноябрь ойида клуб журналистлар, футбол блогерлари ва жамоатчилик вакиллари иштирокида матбуот анжумани ўтказди. Ўйинчилар бўлажак учрашувларга кўрилаётган ҳозирлик ҳақида сўзлаб берди. Тадбирни ташкил этишда Тожикистон футбол федерацияси вице-президенти Искандар Жалилов, «Истиқлол» академияси директори Нуриддин Давронов ва «Варзиш» телеканали шарҳловчиси Гулрўз Хушназарзода қатнашди. «Рушон»нинг рақиби ва ўйинлар санаси ҳали аниқланмаган.
2025 йилда «Рушон» Бадахшон минтақавий футбол лигасининг илк мавсуми ғолибига айланган ва ҳал қилувчи баҳсда «Хоруғ Сити»ни 2:1 ҳисобида мағлуб этган эди. Жамоа ҳомийларидан бири сифатида ижтимоий ва таълим лойиҳаларини қўллаб-қувватловчи «Журъат» жамоат ташкилоти иш олиб бормоқда.
2026 йил июнида Тожикистон футбол федерацияси бош котиби Фурқат Аҳмеджанов Eurasia Football нашрига берган интервьюсида ТБМВда спорт инфратузилмасини ривожлантириш режалари хусусида маълум қилган эди. Унинг сўзларига кўра, федерация Халқаро миграция ташкилоти билан ҳамкорликда чегарадош Ишкошим туманида мини-футбол майдонлари қуришни мақсад қилган.
«Асосий мақсад — футбол нафақат пойтахтда, балки олис, чегараолди ҳудудларида ҳам тараққий этишидир», — дея таъкидлаганди Аҳмеджанов. У бундай ҳудудларда иқтидорли болалар жуда кўплигини, уларга футбол билан шуғулланиш ва келажакда миллий терма жамоаларда тўп суриш имкониятини яратиб бериш лозимлигини қўшимча қилган.
2024 йил июлида «Фарғона» ТБМВда футболни қайта тиклаш режалари ҳақида ёзган эди. Ўша вақтда Хоруғда олти минг томошабинга мўлжалланган марказий стадион таъмирланиб, маҳаллий «Помир» янгиланган аренада Кўлобнинг «Равшан» жамоаси дубли билан ўртоқлик учрашуви ўтказганди (2:2). Тожикистон футбол федерацияси Иккинчи лиганинг минтақавий зонасини ташкил этишни кўзлаганди, унинг ғолиби Биринчи дивизионга чиқиш имконига эга бўлар эди. ТБМВ клубларининг умуммиллий мусобақаларда қатнашиши йўлидаги асосий муаммолардан бири баланд тоғли минтақага бориб-келиш транспорт қатновининг мураккаблиги бўлиб қолмоқда.



