Қирғизистонда 2026 йилнинг январь-сентябрь ойлари якунларига кўра ўртача ойлик номинал иш ҳақи 55525 сомни (635 доллар) ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 29,4 фоизга ошди. Энг сезиларли ўсиш бюджет соҳаларида қайд этилди, бироқ Бишкек ва ҳудудлар ўртасидаги иш ҳақи тафовути ҳамон юқорилигича қолмоқда. Янги маълумотларни республика Миллий статистика қўмитаси тақдим этди.
Бир йил олдин ўртача ойлик иш ҳақи тахминан 42,9 минг сомни (491 доллар) ташкил қилган эди. Шу тариқа, йил давомида кўрсаткич қарийб 12,6 минг сомга (144 доллар) кўпайди. Январь-август ойлари учун аввалроқ эълон қилинган маълумотларга қараганда, тўққиз ойлик ўртача иш ҳақи 446 сомга (5 доллар) юқори бўлиб чиқди. Бунда алоҳида олинган август ва сентябрь ойларидаги маошлар эмас, балки икки хил давр учун ўртача ҳисобланган кўрсаткичлар таққосланмоқда.
Расмий статистика солиқлар ва ижтимоий ажратмалар ушлаб қолингунга қадар ҳисобланган иш ҳақини инобатга олади. Бундан ташқари, ҳисоб-китобларга кичик корхоналар ва норасмий бандликнинг катта қисми киритилмаган. Шу боис ўртача кўрсаткич мамлакатдаги барча ишловчи аҳолининг даромадларини акс эттирмайди.
Иш ҳақининг номинал ўсиши инфляциядан анча илгарилаб кетмоқда, гарчи реал ошим нисбатан камтарона бўлса ҳам. Жорий йилнинг дастлабки саккиз ойи якунларига кўра, иш ҳақи 28,7 фоизга, истеъмол нархларининг ошиши ҳисобга олинганда эса 16,1 фоизга ўсди. Январь-октябрь ойларида Қирғизистонда нархлар 2025 йил декабрига нисбатан 8,8 фоизга кўтарилди. Бунда озиқ-овқат маҳсулотлари ва спиртсиз ичимликлар 7,7 фоизга, ноозиқ-овқат товарлари 7,6 фоизга, аҳоли учун хизматлар эса 12,2 фоизга қимматлашди.
Ҳудудлар ўртасида сезиларли фарқлар сақланиб қолмоқда. Январь-август ойларига оид батафсил статистикага кўра, энг юқори ўртача ойлик иш ҳақи Бишкек шаҳрида қайд этилган — 67670 сом (774 доллар). Кейинги ўринларни Иссиқкўл вилояти — 59767 сом (684 доллар), Норин вилояти — 51486 сом (589 доллар) ва Талас вилояти — 51125 сом (585 доллар) кўрсаткичлари билан эгаллади.
Жалолобод вилоятида ходимлар ўртача 46765 сом (535 доллар), Ўш шаҳрида 44934 сом (514 доллар), Чўй вилоятида 43404 сом (496 доллар), Боткен вилоятида 41790 сом (478 доллар) маош олишган. Энг паст кўрсаткич Ўш вилоятида қайд этилган бўлиб, 37468 сомни (429 доллар) ташкил этди. Шу тариқа, пойтахтдаги ўртача ойлик иш ҳақи энг қуйи ўриндаги ҳудудга нисбатан қарийб 1,8 баравар юқори бўлди. Шу билан бирга, ҳудудий кўрсаткичларга алоҳида йирик корхоналар сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин, буни Миллий статистика қўмитаси ҳам таъкидлайди.
Иқтисодиёт тармоқлари ўртасидаги тафовут ҳам кам эмас. Масалан, ҳисобот даврида энг юқори маошни молия ва суғурта соҳаси ходимлари олишган — ўртача 103 402 сом (1183 доллар). Фойдали қазилмаларни қазиб олиш тармоғида маошлар даражаси 91563 сомни (1047 доллар), ахборот ва алоқа соҳасида эса 88040 сомни (1007 доллар) ташкил қилди.
Таққослаш учун, таълим соҳасида ўртача иш ҳақи 38459 сомга (440 доллар), соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизмат кўрсатишда 41607 сомга (476 доллар), қишлоқ хўжалигида 38264 сомга (438 доллар), меҳмонхона ва ресторан бизнесида эса 37523 сомга (429 доллар) тенг бўлди.
Иш ҳақи ўсишининг тезлашишига бюджет соҳаси ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тизимининг кенг кўламда оширилиши асосий омиллардан бири бўлди. 2026 йил 1 апрелдан бошлаб ҳукумат таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя, маданият ва яна қатор давлат муассасалари ходимларининг иш ҳақини оширди. Март ойида мамлакат бўйича ҳисобланган ўртача иш ҳақи 48720 сомни (557 доллар) ташкил этган бўлса, апрелда 58404 сомга (668 доллар) етди. Сентябрь ойидан эътиборан бу ошириш бюджет соҳасининг яна 46 мингдан ортиқ ходимига татбиқ этилди.
Натижада январь-август ойлари якунларига кўра, бюджетчиларнинг ўртача иш ҳақи 37,6 фоизга ўсиб, 45115 сомни (516 доллар) ташкил қилди. Нобюджет секторида эса ўсиш 20,2 фоизни ташкил этиб, 68027 сомгача (778 доллар) кўтарилди. Давлат муассасаларида иш ҳақининг тезроқ ўсишига қарамай, нобюджет соҳасидаги даромадлар ўртача ҳисобда қарийб бир ярим баравар юқорилигича қолмоқда.
Айрим бюджет тармоқларида ўзгаришлар айниқса яққол кўзга ташланди. Жорий йилнинг тўққиз ойи якунлари бўйича санъат, кўнгилочар ва дам олиш соҳасида маошлар тахминан 1,6 бараварга, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизмат кўрсатишда 51,1 фоизга, таълимда эса 47,6 фоизга ошди. Шунга қарамай, оширишлардан кейин ҳам мазкур соҳалар ходимлари молия сектори, тоғ-кон саноати ва ахборот технологиялари тармоқларида банд бўлганларга қараганда сезиларли даражада кам маош олган.
Таққослаш учун, Ўзбекистонда 2026 йилнинг январь-сентябрь ойларидаги ўртача ойлик номинал иш ҳақи 7,27 млн сўмни (604 доллар) ташкил этиб, 18 фоизлик ўсишни кўрсатди. Шундай қилиб, Қирғизистон доллар ҳисобида қўшни республика билан фарқни кенгайтирди: бир йил олдинги фарқ тахминан 7-10 долларни ташкил қилган бўлса, эндиликда 31 долларга етди.
Шу билан бирга, ҳисоблаш услубиятидаги тафовутлар сабабли ушбу таққослаш тўлиқ аниқ эмас. Хусусан, Ўзбекистон статистикасида қишлоқ хўжалиги корхоналари, кичик бизнес ва микрофирмалар ҳисобга олинмайди, Қирғизистонда эса ҳисоб-китобдан фақат кичик корхоналар чиқариб ташланган.



