Ўзбекистон Меҳнат кодексига (МК) иш жойидаги харассментни тўғридан-тўғри тақиқловчи ҳамда корхоналар раҳбарларига жамоада жинсий шилқимликдан холи муҳит яратиш чораларини кўриш мажбуриятини юкловчи 8-1-модда киритилди. Тегишли тузатишлар республика президенти Шавкат Мирзиёев 13 ноябрда имзолаган қонунда ўз аксини топган.
Қайд этилишича, Меҳнат кодексига киритилган ўзгаришлар миллий қонунчиликка меҳнат муносабатлари соҳасидаги халқаро стандартларни татбиқ этишга қаратилган. Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Олий Мажлиси (парламенти) Қонунчилик палатаси томонидан июлда қабул қилинган, 2 октябрда эса Сенат (парламентнинг юқори палатаси) маъқуллаган эди.
Ҳужжатда кўрсатилишича, харассмент деганда инсон учун номақбул бўлган ҳамда унинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи ҳаракатлар тушунилади.
Хусусан, ташқи кўриниш ва қомат бўйича изоҳлар, одобсиз имо-ишоралар, тегинишлар, шунингдек, жинсий мазмундаги оғзаки мурожаатлар шундай ҳаракатлар сирасига киради.
Шу билан бирга, Меҳнат кодексининг меҳнат соҳасида камситишни тақиқловчи 4-моддасига ҳам ўзгартишлар тасдиқланди. Мазкур ҳолатда инсон қадр-қимматини камситувчи сўзлар ва ҳаракатларга йўл қўйилмайдиган белгилар рўйхати кенгайтирилди. Агар илгари моддада жинси, ёши, ирқи, миллати, тили, ижтимоий келиб чиқиши ва қариндошларининг судланганлиги кўрсатилган бўлса, эндиликда бунга терининг ранги ва сиёсий қарашлар ҳам қўшилди.
Ўзбекистонда мазкур муаммо долзарб бўлиб қолмоқда, кўчада, ишда, метро ёки таксида аёлларга нисбатан шилқимлик қилиш билан боғлиқ кўплаб ҳолатлар бундан далолат беради. Шу муносабат билан мамлакатда бир неча йилдан буён ҳақорат ва тазйиқлардан ҳимоя қилишга қаратилган меъёрий ҳужжатлар қабул қилинмоқда. Масалан, жорий йилнинг сентябрь ойида республика президенти Шавкат Мирзиёев қарор имзолади, унга кўра мутасаддилар 1 декабрдан бошлаб харассмент фактлари бўйича шикоятларни қабул қилиш учун «Хавфсиз ва ҳурматли иш муҳити» порталини ишга туширишлари лозим.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда ҳам 41-1-модда — «Жинсий шилқимлик қилиш» мавжуд. Бундай ҳуқуқбузарлик учун айбдорга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача — 2,2 млн сўм ($183) миқдорида жарима ёки беш суткагача маъмурий қамоқ жазоси қўлланиши мумкин.



