БМТнинг Ўзбошимчалик билан ҳибсга олишлар бўйича ишчи гуруҳи Мухтор Аблязов билан суҳбат уюштиргани учун етти йиллик колония жазосига ҳукм қилинган қозоғистонлик журналист Думан Муҳаммедкаримни ўзбошимчалик қурбони деб тан олди. Бу ҳақда Қозоғистон халқаро инсон ҳуқуқлари бюроси хабар бермоқда.
Думан Муҳаммедкарим — оммабоп Ne Deidi YouTube-канали муаллифи. 2022 йилда у муҳожиратда бўлган «Қозоғистон демократик танлови» (ҚДТ) мухолифат ҳаракати асосчиси Мухтор Аблязов билан тўғридан-тўғри эфир ўтказган. Қозоғистонда ҚДТ экстремистик ташкилот деб тан олинган.
Эфир давомида Аблязов депортация хавфи туфайли томошабинлардан адвокатлар хизмати ҳақини тўлашда ёрдам беришни сўраган. Муҳаммедкарим хайрия қилишга тайёрлигини билдирган, томошабинларни ҳам шунга чорлаган ва бу экстремизмни молиялаштириш ҳисобланмайдими деган саволни ўртага ташлаган. Суҳбатдоши эса ўзи эмас, балки ҚДТ экстремистик деб топилганига аниқлик киритган.
2023 йил 28 май куни Муҳаммедкарим «тинч йиғилиш ўтказиш тартибини бузиш» айблови билан ҳибсга олиниб, 25 суткалик маъмурий қамоқ жазосига тортилган. Бироқ у озодликка чиқиши керак бўлган куни, яъни 22 июнда, унга 258 ва 405-моддалар («Экстремистик фаолиятни молиялаштириш» ҳамда «Тақиқланган ташкилот фаолиятида иштирок этиш») бўйича янги айблов эълон қилинган. Ёпиқ режимда ўтган суд журналистни айбдор деб топиб, етти йил озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилди. Ҳозирда у Қизилўрда колониясида сақланмоқда.
Мазкур иш юзасидан келиб тушган шикоятни кўриб чиққан БМТ экспертлари ўзбошимчалик билан озодликдан маҳрум этишнинг бирйўла учта тоифаси бўйича қоидабузарликларни аниқлади — ҳукуматда Муҳаммедкаримни қамоққа олиш учун асос бўлмаган; журналист ўзининг асосий ҳуқуқларидан фойдалангани учун таъқиб қилинган ҳамда адолатли судлов ҳуқуқидан маҳрум этилган.
Ҳисоботда қайд этилишича, ҚДТни тақиқлаш ҳақидаги қарор оммага эълон қилинмаган, «ташкилот фаолиятида иштирок этиш» тушунчаси эса етарли даражада ҳуқуқий асосга эга бўлмаган. Ишчи гуруҳ шунингдек, журналистнинг қўлга олиниши «Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 19 ва 25-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқларни амалга ошириш оқибати бўлганини» аниқлаган. Муҳаммедкарим устидан тергов ва суд ёпиқ тарзда ўтган, суд ҳимоя томонининг 18 нафар гувоҳини тинглашдан бош тортган, қонунда назарда тутилмаган давлат экспертлари хулосаларига таянган, судья эса судланувчини олдиндан «маҳкум» деб атаган. БМТ экспертлари «суд жараёни умуман ўтказилмаслиги керак эди», дея очиқ билдирган.
БМТ экспертлари журналист сақланаётган колониядаги ўта оғир шароитларга: вентиляциянинг ёмонлиги, узлуксиз ёқиб қўйилган чироқлар, сайр қилиш имконияти йўқлиги ва тизимли босимларга алоҳида тўхталган. 2026 йил сентябрига келиб Муҳаммедкарим бир кишилик камерада 600 кундан зиёд вақт ўтказган, очлик эълон қилган ва икки марта ўз баданига жиддий шикаст етказган.
Ишчи гуруҳ Думан Муҳаммедкаримни зудлик билан озод этишни, унга компенсация ва етказилган зарарни қоплашнинг бошқа шаклларини таъминлашни ҳамда мустақил тергов ўтказишни талаб қилди.
Қозоғистон инсон ҳуқуқлари бюросининг маълум қилишича, БМТ Ишчи гуруҳи хулосаси эълон қилинганидан бери олти ой ўтган ва ҳукумат белгиланган муддатда расмий жавоб йўллаган-йўлламагани номаълум. Журналист эса ҳамон панжара ортида қолмоқда.



