Ўзбекистон ва Ўмон муносабатларни стратегик шериклик даражасига кўтарди

Шавкат Мирзиёев ва Ҳайсам бин Ториқ Ол Саид. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотоси

Ўзбекистон gрезиденти Шавкат Мирзиёев ва Ўмон Cултони Ҳайсам бин Ториқ Ол Саид мамлакатлар ўртасидаги муносабатларни стратегик шериклик даражасига кўтаришга келишиб олдилар. Марказий Осиё республикаси раҳбари матбуот хизматининг хабар беришича, мазкур қарор тарихий аҳамиятга эга.

Мирзиёевнинг Ўмонга ташрифи доирасида бўлиб ўтган олий даражадаги учрашувда икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатлар ва кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг турли масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар сиёсий мулоқот фаоллашгани, товар айирбошлаш ва инвестициялар ҳажми барқарор ўсиб бораётганини қайд этдилар. Ўзбекистон президентининг Масқатга ташрифи арафасида Ҳукуматлараро комиссиянинг олтинчи йиғилиши бўлиб ўтгани ҳамда қатор ишбилармонлик ва маданий тадбирлар ташкил этилгани таъкидланди.

Давлат раҳбарларининг сўзларига кўра, савдо, инвестициялар, транспорт ва логистика, энергетика, электротехника, кимё ва тоғ-кон саноати, туризм, шаҳарсозлик, қишлоқ хўжалиги, космик тадқиқотлар ҳамда рақамлаштириш каби соҳалар шерикликнинг устувор йўналишларига айланиши лозим.

Музокаралар чоғида Ўзбекистон–Ўмон инвестиция компаниясининг устав капиталини икки баробар — 500 миллион долларгача ошириш масаласи алоҳида кўриб чиқилди. Бу қўшма лойиҳаларни янада фаол илгари суришга хизмат қилади.

Бундан ташқари, Ўмон маблағлари иштирокида тузилган Марказий Осиё ва Кавказ инвестиция жамғармаси фаолиятини тез фурсатларда йўлга қўйиш муҳимлиги қайд этилди.

Маданий-гуманитар алмашинув йўналишида қатор лойиҳаларни, жумладан, маданият ва санъат ҳафталикларини ўтказиш, ёшлар форумини ташкил этиш, ноёб тарихий қўлёзмаларни биргаликда ўрганиш, икки давлатнинг қадимий шаҳарлари ўртасида биродарлик алоқаларини ўрнатишни кўриб чиқишга келишилди.

Ўмон Cултони ва унинг меҳмони олий даражадаги келишувларни амалга ошириш бўйича «йўл харитаси»ни қабул қилиш ҳамда Мувофиқлаштирувчи кенгаш механизмини яратиш тарафдори эканини билдирдилар.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ўмонга 16 ноябрь куни етиб келди. Марказий Осиё республикаси етакчисининг ташрифи доирасида қарийб 5 миллиард долларлик инвестициявий ва савдо битимларини ўз ичига олган қатор ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.

Мирзиёев матбуот хизмати аниқлик киритишича, Стратегик шериклик тўғрисидаги битимдан ташқари, Ўзбекистон ва Ўмон раҳбарлари иштирокида 30 дан ортиқ ҳужжат алмашинуви бўлиб ўтди. Хусусан, ўзаро визасиз режим жорий этиш, саноат кооперацияси, преференциал савдо, эркин иқтисодий зоналар, озиқ-овқат хавфсизлиги, меҳнат ва инсон ресурслари ҳамда бошқа соҳаларга оид ҳужжатлар имзоланди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ