Қирғизистон МДБ Тошкентда қолиб кетган зиёратчилар ортидан умрага транзит орқали учмасликка чақирди

weproject.media сайтидан олинган сурат

Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармаси (ҚМДБ, муфтият) мўмин-мусулмонларга умра сафарига қўшни давлатлар орқали транзит тарзида эмас, балки Бишкек ва Ўшдан тўғридан-тўғри авиарейслар билан йўл олишни тавсия қилди. Бу ҳақдаги баёнот Тошкентдан Саудия Арабистонига бир ҳафтадан бери учиб кета олмаётган зиёратчилар гуруҳи билан боғлиқ вазият фонида янгради, дейилади ҚМДБ сайтида.

Муфтият ҳозирда ислом муқаддас қадамжолари жойлашган Саудия Арабистонига Қирғизистондан тўғридан-тўғри парвозларни фақат икки шаҳар — Бишкек ва Ўш аэропортларидан SalamAir, Air Arabia ҳамда Flyadeal авиакомпаниялари амалга ошираётганини эслатди. Шу боис фуқаролардан вазият барқарорлашгунга қадар транзит парвозлардан тийилиш ва бўлажак зиёрат ҳақидаги маълумотларни олдиндан аниқлаштириб олиш сўралди.

Диний бошқарма матбуот хизмати хабарига кўра, «Нур Умра Трэвел» сайёҳлик фирмаси орқали умра сафарини режалаштириб, Тошкентда қолиб кетган қирғизистонликлар масаласи махсус комиссиянинг фавқулодда йиғилишида муҳокама қилинган. Учрашувда муфтият ва Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари ҳамда туроператор раҳбари Мирзат Кошоева иштирок этган.

Кошоева юз берган ҳолат юзасидан изоҳ берган, аммо унинг комиссияга айнан нималарни маълум қилгани очиқланмаган. Фақат расмийлар зиёратчиларни ватанга қайтариш масаласини тезкорлик билан ҳал этишни талаб қилгани билдирилмоқда.

Шу муносабат билан яқин вақт ичида компания ва ҚМДБ вакиллари Ўзбекистон пойтахтига йўл олади. Улар Қирғизистоннинг Тошкентдаги элчихонаси кўмагида мушкул аҳволда қолган юртдошлари билан учрашиб, тушунтириш ишларини олиб бориши лозим.

Республика мусулмонлари идораси зиёратчилар хавфсизлиги ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш муфтиятнинг асосий мақсадларидан бири эканини алоҳида таъкидлади.

Бир неча кун олдин умрага йўл олган 104 нафар Қирғизистон фуқароси Тошкентда қолиб кетгани — улар 12 ноябрдан бери Саудия Арабистонига уча олмаётгани маълум бўлган эди. Бундан ташқари, сафарни уюштирган туроператор ҳар бир йўловчидан қўшимча 400 доллар талаб қилмоқда.

Компания мижозлари бундай шартларга рози эмас. Зиёратчиларнинг сўзларига кўра, улар нафақат чипталар ҳақини олдиндан тўлаган, балки турфирмага дастлаб белгиланган маблағдан ташқари яна 100 доллардан ўтказиб беришган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ