ICESCO раҳбари Ислом цивилизацияси марказини мусулмон дунёси рамзи деб атади

Салим ал-Малик. Фото: ИЦМ

Ислом дунёси таълим, фан ва маданият ташкилоти (ICESCO) бош директори Салим ал-Малик Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини мусулмон дунёсининг рамзи деб атади. Бу ҳақда Марказ матбуот хизмати хабар берди.

Ал-Малик Самарқанднинг 2025 йилда ислом олами маданий пойтахти мақомини олиши ортидан Ўзбекистоннинг ICESCO билан ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилганини таъкидлади. Хусусан, у Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтган, Имом ал-Бухорий меросига бағишланган халқаро анжуманда ташкилотнинг иштирок этганини ёдга олди.

«Биз Ислом цивилизацияси марказида Имом Бухорий меросига бағишланган халқаро конференцияда иштирок этдик. Мен ушбу марказни ислом оламининг рамзи деб биламан», — деди ICESCO раҳбари.

Ал-Маликнинг сўзларига кўра, ташкилот Ўзбекистон билан биргаликда келгуси икки йилга мўлжалланган ҳаракатлар режасини ишлаб чиқмоқда. Унга Марказий Осиё республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг 10–11 ноябрь кунлари Анталиядаги халқаро иқлим саммитида илгари сурган ташаббуслари киритилиши кўзда тутилган.

ICESCO раҳбари экологик таълимни ривожлантиришга, жумладан, Ўзбекистонда ташкил этилган «Яшил университет» фаолиятига алоҳида эътибор қаратди. У таълим муассасаларини кўкаламзорлаштириш ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бирига айланишига умид билдирди.

ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Ўзбекистон пойтахтидаги Ҳазрати Имом (Ҳастимом) мажмуаси яқинида барпо этилган. Бино ўрта асрлар меъморий обидалари услубида қад кўтарган бўлиб, баландлиги 34 метрлик тўртта пештоқ ва 65 метрлик марказий гумбазга эга. Бу ерда Қуръон зали, 550 ўринли анжуманлар зали ҳамда экспозициялари Ўзбекистоннинг исломгача бўлган давридан то бугунги кунгача бўлган бутун тарихини қамраб олган музей мавжуд. ИЦМ аждодлар меросини ўрганиш ҳамда уни Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва бутун дунёдаги илмий-маърифий марказлар билан ҳамкорликда замонавий нуқтаи назардан англаш майдонига айланиши кутилмоқда.

Мавзуга оид барча материаллар билан мазкур сюжетда танишиш мумкин: Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ