Қозоғистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги 2027 йилдан бошлаб ижтимоий ёрдам тайинлашда фуқароларнинг қайси банк операциялари ва мол-мулки ҳисобга олинишига ойдинлик киритди. Идора оилаларнинг фаровонлигини баҳолаш бўйича янги тизим шахсий банк кўчирмаларига кириш ҳуқуқига эга бўлмаслигини ҳамда кундалик харидлар, қариндошлар ва дўстлар ўртасидаги пул ўтказмаларини кузатмаслигини маълум қилди, дейилади вазирлик сайтида.
Фуқароларнинг моддий аҳволини аниқлаш учун банклар Оиланинг рақамли картасига умумлаштирилган ва шифрланган маълумотларни узатади. Аниқ суммалар ва алоҳида операциялар ўрнига тизимга кўрсаткичлар оралиғи, масалан, ҳисобварақлар ва депозитлардаги ўртача кунлик қолдиқлар ҳамда айрим харажат тоифалари келиб тушади. Фаровонликни ҳисоблашда тегишли оралиқнинг қуйи чегарасидан фойдаланилади.
Банк карталари ва жорий ҳисобварақлардаги кам миқдордаги маблағлар, рўзғор учун харидлар, қариндошлар ўртасидаги ўтказмалар ҳамда «Отбаси банк»даги уй-жой жамғармалари якуний баҳолашга таъсир кўрсатмайди. Бунда молиявий аҳвол ҳар бир шахс учун алоҳида эмас, балки умуман оила учун белгиланади.
Вазирлик, шунингдек, кундалик эҳтиёжлар учун мўлжалланган ягона квартира ёки автомобиль борлигининг ўзи ижтимоий ёрдамни рад этишга асос бўлмаслигини таъкидлади. Ишлаб чиқарилганига 20 йилдан ошган автомобиллар ва қишлоқ хўжалиги техникаси, шунингдек, авария ҳолатидаги уй-жойлар ҳисоб-китобларда инобатга олинмайди. 15 йилдан ортиқ вақт давомида фойдаланилган кўчмас мулк учун деворлар материалига қараб камайтирувчи коэффициентлар кўзда тутилган. Банк гаровида турган ягона турар жойга ҳам худди шундай ёндашув қўлланади.
Шу билан бирга, бир нечта кўчмас мулк объекти, қимматбаҳо автомобиллар, тижорат бинолари, ишлаб турган бизнес ва майдони беш гектардан ортиқ ер участкалари оиланинг юқори даражадаги фаровонлигидан далолат бериши мумкин. Бир вақтнинг ўзида тизим болалар, кекса қариндошлар, ногиронлиги бўлган ёки оғир сурункали касалликларга чалинган инсонларни боқиш харажатларини, шунингдек, ипотека ва муддати ўтган кредитларни ҳам ҳисобга олади.
Меҳнат вазирлиги янги мезонлар ногиронлик ва боқувчисини йўқотганлик нафақаларига таъсир қилмаслигига алоҳида тўхталиб ўтди. Фуқароларнинг моддий аҳволидан қатъи назар, ишдан айрилганда, ҳомиладорлик ва туғиш ҳамда бир ярим ёшгача бўлган бола парвариши бўйича суғурта тўловлари сақланиб қолади. Бундан ташқари, 2027 йилдан бошлаб аёллар Давлат ижтимоий суғурта жамғармасидан бола парвариши бўйича тўловларни тўлиқ сақлаган ҳолда муддатидан олдин ишга чиқишлари мумкин бўлади.
Оилаларнинг фаровонлиги 30 дан ортиқ давлат ахборот тизимлари маълумотларидан фойдаланган ҳолда автоматик тарзда баҳоланади. Олинган мақомни ҳар ойда янгилаб туриш режалаштирилмоқда. Вазирлик мулозимлар ҳисоб-китоб натижаларини қўлда ўзгартира олмаслигини билдирмоқда. Бироқ давлат базаларида эскирган маълумотлар, масалан, аллақачон сотилган автомобиль ҳақидаги ёзувлар қолиб кетса, хатоликлар юз бериши мумкин. Бундай ҳолларда фуқаролар тегишли идоралар орқали маълумотларни тўғрилатишларига тўғри келади.
Оила фаровонлигининг дастлабки баҳосини ҳозирнинг ўзидаёқ eGov Mobile иловасидаги махсус калькулятор ёрдамида текшириб кўриш мумкин.
Қозоғистон расмийлари ижтимоий ёрдам тақсимлашнинг янги тизимига ўтилиши ҳақида октябрь ойидаёқ эълон қилган эди. 2027 йилдан бошлаб айрим нафақаларни тайинлашда фуқароларнинг муайян ижтимоий тоифага мансублигигина эмас, балки оиланинг ҳақиқий даромадлари, харажатлари ва мол-мулки ҳам ҳисобга олиниши назарда тутилган. Бунинг учун хонадонларни бешта таъминланганлик даражасига ажратувчи Оиланинг рақамли картасидан фойдаланилади. 2027 йил 11 январдан Меҳнат вазирлиги синов лойиҳасини ишга туширишни режалаштирмоқда, унинг натижалари ислоҳотни келгусида жорий этишда қўлланилади.



