Ўзбекистон ўз фуқароларини Австралияда иш билан таъминлаш бўйича музокараларни бошлади

podrobno.uz сайтидан олинган сурат

Ўзбекистон Австралиянинг Шимолий ҳудуди маъмурияти билан ўз фуқароларини уюшган ҳолда ишга жойлаштириш бўйича музокараларни бошлади. Австралия томони малакали мутахассисларни, жумладан, нефть-газ соҳаси учун жалб этишдан манфаатдор. Икки мамлакат расмийларининг илк учрашуви видеоконференция шаклида бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.

Музокаралар Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан мамлакатнинг Сингапурдаги элчихонаси кўмагида ташкил этилди. Мулоқотда Миграция агентлиги ҳамда Касбий таълим агентлиги вакиллари иштирок этиб, австралиялик ҳамкорларга Марказий Осиё давлатида мутахассислар тайёрлаш имкониятлари ҳақида маълумот берди.

Томонлар Австралия меҳнат бозори эҳтиёжлари, қонуний ёллаш механизмлари, ишчиларнинг касбий ва тил тайёргарлиги масалаларини муҳокама қилдилар. Меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Учрашув иштирокчилари икки давлат фуқароларини ҳимоя қилиш механизмларини ишлаб чиқиш учун илк консуллик маслаҳатлашувларини ўтказиш имкониятини кўриб чиқишга келишиб олдилар.

Уюшган ҳолда ишга қабул қилишнинг аниқ муддатлари, иш ўринлари сони ва иш ҳақи миқдори ҳозирча маълум қилинмаган. Ишга жойлаштириш бўйича битим ҳам ҳали имзоланмаган.

Австралия меҳнат бозорига чиқиш Ўзбекистоннинг меҳнат миграцияси географиясини кенгайтириш бўйича янги стратегиясига тўлиқ мос келади. Президент Шавкат Мирзиёев 2 ноябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда АҚШ, Канада, Австралия ва Янги Зеландияда фуқароларни ишга жойлаштириш имкониятларини фаолроқ излашни топширган эди. Унинг сўзларига кўра, мамлакатда инглиз тилини ўрганган ва тегишли сертификатларга эга бўлган 200 мингга яқин ёшлар бор.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон мазкур соҳадаги халқаро шерикликни сезиларли даражада кенгайтирди. Агар илгари фуқароларни уюшган ҳолда ишга жойлаштириш учта давлат билан ҳамкорлик доирасида амалга оширилган бўлса, эндиликда уларнинг сони 27 тага етди. Фақатгина жорий йилнинг январь—сентябрь ойларида Миграция агентлиги 42 та давлатнинг 716 нафар иш берувчиси ҳамда рекрутинг ташкилотлари билан музокаралар олиб бориб, 132 та янги битим имзолади.

Маълум қилинишича, 2026 йилда Ўзбекистон еттита давлат — Австрия, Швеция, Беларусь, Япония, Грузия, Сербия ва Чехия билан меҳнат миграцияси бўйича келишувларни имзолаган. Ҳужжатларда уюшган ҳолда ишга жойлаштириш, касбий тайёргарлик ва меҳнат ҳаракатчанлигининг турли механизмлари назарда тутилган.

Германия ва Япония билан ҳамкорлик айниқса фаол ривожланмоқда. Июнь ойида Тошкент ва Токио 2027 йилнинг апрелидан кучга кирадиган янги ишга жойлаштириш дастури тўғрисида меморандум имзолади. У чет эллик ишчиларни тайёрлаш ва уларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишни назарда тутади. Германияда 2026 йил давомида иш берувчилар Ўзбекистондан 45 минг нафар мутахассис сўраган, бироқ ноябрь ойи бошига келиб атиги 2 минг кишини иш билан таъминлашга муваффақ бўлинган. Расмийлар бунга асосий тўсиқлардан бири сифатида немис тилини етарли даражада билмасликни кўрсатмоқда.

Мавсумий бандлик дастурлари ҳам ривожланмоқда. 2026 йилнинг тўққиз ойида Ўзбекистон еттита давлат билан ишчиларни қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳасига жалб этиш бўйича 12 та битим имзолади. Ушбу келишувларга кўра 13 мингта иш ўрни белгилаб олинди. Йил бошидан октябргача Миграция агентлиги кўмаги билан жами 171,2 минг фуқаро хорижда иш билан таъминланди.

2025 йилда Ўзбекистонга чегаралараро пул ўтказмалари ҳажми 18,9 млрд долларни ёки республика ялпи ички маҳсулотининг (ЯИМ) қарийб 13 фоизини ташкил этган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ