«Офицер 55»

Ўзбекистонда ўн серияли криминал триллер суратга олинди ва унда бош роллардан бирини россиялик актёр ижро этди

Ўзбекистон Кинематография агентлиги буюртмасига биноан режиссёр Рустам Мелиев ўн серияли «Офицер 55» бадиий фильмини суратга олди. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати расмий Телеграм-каналида хабар берди.

Ижодкорлар 2021 йил февраль ойида сериал суратга олинишини эълон қилганди, картина устида иш роппа-роса бир йилдан кейин бошланди. Яқин кунларда сериал премьераси кутилмоқда.

«Ўзбек криминал триллери» ибораси ёдга келганда дарҳол кўз ўнгизда «Шайтанат» пайдо бўлади, бу ҳақли равишда нафақат маҳаллий, балки бутун постсовет киносининг классикаси ҳисобланади. Миш-мишларга кўра, машҳур «Бригада» ижодкорлари айнан шу фильмдан илҳомланишган. Аммо орадан кўп йиллар ўтди. Ўзбек киносининг сифати пасайиб борди. Бироқ, 2019 йилдан бошлаб «Ўзбекфильм» янги ҳаётга қадам қўя бошлаганидан сўнг вазият кескин ўзгара бошлади.

«Офицер 55» фильми постери. Ўзбекистон Кинематография агентлиги матбуот хизмати фотосурати

Бу вақт ичида прокатга чиқарилган фильмлар сони анчагина ортди. Фильмларнинг сифати сезиларли даражада яхшиланди. Сўнгги бир-икки йил ичида кино ижодкорлари «101-парвоз», «Барон 2», «Аёл қисмати», «Меҳр» каби тўлиқ метражли триллерлар билан ўзбек томошабинларини хурсанд қила олдилар. Ниҳоят, навбат сериал триллерга келди.

Трейлер ва ижрочиларнинг танловига кўра, «Офицер 55» нафақат маҳаллий, балки минтақавий ва бутун постсовет бозорини забт этишга қодир. Фильмда «ёмон одам» ролини ўйнаган россиялик Антон Пахомовнинг фильмда иштирок этгани бежиз эмас.

Кинематография агентлиги матбуот хизматининг тушунтиришича, фильмда ички ишлар органларининг расмий фаолияти, уларнинг юрт тинчлиги учун жонини фидо қилишга тайёрлиги очиб берилган. Кино ижодкорларининг асосий мақсади ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда ишлашга қизиқишни оширишдан иборат бўлган.

Фильм сюжети тадбиркор ва унинг оиласининг ваҳшийларча ўлдирилиши бўйича терговга киришган Тошкент шаҳар ички ишлар органлари ходимларининг фаолияти ҳақида ҳикоя қилади. Тергов жараёнида қотил ҳақиқий профессионал экани маълум бўлади, тергов гуруҳи аъзоларидан бирининг ҳаётидан баъзи фактлар фош бўлади, натижада ҳамкасблари уни жиноятда гумон қила бошлайди.

Фильмда бош ролларни Жамшид Асадов, Эркин Бозоров, Феруза Юсупова, Нигина Анорбоева, Борис Ғофуров, Нигора Каримбаева, Аброр Йўлдошев, Анастасис Дмирополис, шунингдек, россиялик актёр, уч карра «Олтин ниқоб» совриндори Антон Пахомов ижро этган.

Фильм устидан иш олиб боришда эксперт сифатида Тошкент шаҳар ИИБ бошлиғи Азиз Тошпўлатов, унинг ёрдамчилари Равшан Султонхўжаев ва Бахром Бегалиевлар иштирок этган. Лойиҳа раҳбари Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдуҳолиқов.