Сирдарё вилоятида она бир ёшга тўлган фарзандини 17 минг долларга сотди

Pixabay.com сайти фотосурати

Сирдарё вилоятининг маъмурий маркази Гулистонда ўзининг бир ёшли фарзандини 17 минг АҚШ доллари эвазига сотаётган пайтда 25 ёшли она қўлга олинди, дея хабар беради вилоят ички ишлар бошқармасининг Telegram-канали.

Аёл гўдак боласини сотаётганини исботлаш учун Давлат хавфсизлик хизматининг вилоят бошқармаси ва вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари махсус операция ўтказдилар. Гулистон туманида туғилган аёл 2019 йилда туғилган фарзандини «махсус харидор» сифатида операцияда иштирок этган тезкор ходимга 17 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, Гулистон шаҳри, Халқлар дўстлиги кўчаси, «Шоҳруҳ» меҳмонхонаси олдида фарзанди эвазига талаб этилган пулларини олиб, бу ҳақда тилхат ёзиб бераётган вақтида ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Сирдарё вилояти ички ишлар бошқармаси тергов ҳаракатларини бошлаб юборган.

Ўзбекистонда ҳамон тўхтамаётган бола савдоси ички ишлар органлари ходимлари томонидан мунтазам равишда олди олинмоқда. Июль ойида Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида истиқомат қилувчи аёл ўзининг тўрт ойлик чақалоғини сотишга уринган пайтда қўлга олинган эди. Бу аёл олдинроқ ўз фарзандини бошқа одамга пул мукофоти эвазига топширишни режалаштириб келган, бироқ кейин ўз фикридан қайтган эди.

Сотилаётган болаларнинг нархи бир неча юздан ўн минглаб долларгача. Қорақалпоғистонда ўзининг 13 ёшли ўспирин боласини 15 минг АҚШ долларига сотмоқчи бўлган аёл қўлган олинган эди. Навоий шаҳрида яшайдиган аёл бўлса янги туғилган чақалоғини аттиги 3 миллион сўмга (300 АҚШ долларига яқин) сотишни режалаштирган экан.

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди

  • Ўзбекистонда болалар тарбиясида куч ишлатишни қонун билан тақиқлаш таклиф қилинди

  • Ёқилғи қуйиш шаҳобчаларидаги навбат ҳайдовчилар ўртасида ур-тўполонга сабаб бўлди

  • Тошкент бутунлай тутундан бўғилиб қолмаслиги учун ҳукумат қандай чоралар кўрмоқчилиги ҳақида