Ўзбекистон авиакомпанияларига эски самолётлардан воз кечиш ва янгиларини харид қилиш топширилди

expo-contract.ru сайти фотосурати

Ўзбекистон авиакомпаниялари ёқилғи сарфи юқори бўлган эски самолётларни сотади ва замонавий, тежамкор самолётлар сотиб олади. Бу ҳақда мамлакат президенти Шавкат Мирзиёевга авиация соҳасидаги давлат корхоналарини ўзгартириш лойиҳалари тақдимотида сўз борди.

Эски самолётлардан воз кечиш соҳадаги харажатларни 20 фоизга қисқартириш чора-тадбирлари доирасида режалаштирилган. 72 та йўналиш бўйича оптимал парвоз йўналишларини танлаш ҳисобига ёқилғи сарфини сезиларли даражада камайтиришга эришилади. Фойдаланилмаётган ва фойдасиз активлар сотувга чиқарилади.

Тақдимотда 2023 йили Ўзбекистонда авиация хизматлари ҳажми атиги 11,6 фоизга ошгани қайд этилди. Айни пайтда мамлакатни 2030 йилгача ривожлантириш стратегиясида ҳаво қатновини тўрт баробар ошириш кўзда тутилган. Ушбу мақсадга эришиш учун саноатнинг йиллик ўсиш суръати камида 20% бўлиши керак. Бунинг учун инфратузилма, бошқарув, нарх ва сифат йўналишларида тизимли ишлар олиб борилиши тақозо этилади.

«Юртимизда авиа чипталар нархи нисбатан қиммат. Ҳам ҳудудий, ҳам хорижий рейслар сони талабга қараганда кам. Парвозларнинг асосий қисми ҳалигача Тошкент ва Самарқанд аэропортларига тўғри келади. Аэропортларда ҳаво кемалари ва йўловчиларга хизмат кўрсатиш имкониятлари чекланган, қўшимча хизматлардан даромад жами тушумнинг бор-йўғи 7 фоизини ташкил қилади. Тошкент, Навоий, Наманган аэропортлари транзит салоҳияти тўлиқ ишга солинмаяпти», — дейилади Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабарида.

Президент авиация соҳасида харажатларни камайтириш, хизматлар рақобатбардошлигини ошириш, хусусий шериклик лойиҳаларини жадаллаштириш, аэропортларда қўшимча хизматлар сонини кўпайтириш, аэропортлар имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш дастурини тасдиқлаш бўйича масъул мутасаддиларга топшириқ берди.

Тақдимотда Uzbekistan Airways ва Uzbekistan Airроrts акциядорлик жамиятларида трансформация жараёнларини тезлаштириш, хизмат турлари ва даромадни кўпайтириш бўйича жорий йилги режалар баён қилинди. Хусусан, миллий авиакомпанияга халқаро кредит рейтингини олиб, уни IPOга чиқариш жараёни бошланади. Бухоро, Наманган, Урганч ва Андижон аэропортлари хусусий бошқарувга берилиб, модернизация қилинади. Жорий йилда рейслар сони 20 фоизга оширилади.

ℹ️ Эслатиб ўтамиз. 2021 йилгача Ўзбекистондаги ягона авиаташувчи «Ўзбекистон ҳаво йўллари» бўлган. Давлат Туризм қўмитаси 2018 йили МАКнинг монопол позициясини танқид қилганидан сўнг, мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев авиакомпанияни қайта ташкил этиш ва рақобат муҳитини яратиш бўйича кўрсатма берди. Натижада авиакомпаниялар сони 15 тага етди, жумладан, 10 та хусусий. Биргина ўтган йилнинг ўзида 28 та янги самолёт харид қилинган. Охирги етти йил ичида рейслар сони икки баравар ошган. Самарқанд аэропорти хусусий шерикликка берилгани ҳисобига йўловчи оқими 4 карра ошиб, 1 миллионга етган.