Ўзбекистон ХМТнинг иш ҳақини ҳимоя қилиш тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилди

uznews.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 12 март куни Халқаро меҳнат ташкилотининг (ХМТ) иш ҳақини ҳимоя қилиш тўғрисидаги 95-сонли конвенциясини ратификация қилиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

95-сонли конвенция 1949 йил 1 июлда Женевада қабул қилинган ва 1952 йил 24 сентябрда кучга кирган. СССР бу ҳужжатни 1961 йил январда ратификация қилган.

Конвенция иш берувчилар томонидан пул шаклида иш ҳақи ўз вақтида тўланишини таъминлашга қаратилган. Конвенция қоидалари иш ҳақи тўланадиган ёки тўланиши лозим бўлган барча шахсларга нисбатан қўлланилади. Конвенция иқтисодий фаолиятнинг барча соҳалари ва ишчилар тоифаларига татбиқ этилади.

Унда айтилишича, иш ҳақи фақат мамлакатда муомалада бўлган валютада тўланади, вексель, квитанция, купон ёки қонуний валютага мос келадиган бошқа шаклда тўлаш тақиқланади. Бироқ, ваколатли орган муайян ҳолларда иш ҳақини банк чеклари ёки почта жўнатмалари орқали тўлашга рухсат бериши мумкин.

Одатий ва маъқул саналмиш ишлаб чиқаришнинг айрим соҳалари ёки касбларда иш ҳақини натура шаклида қисман тўлашга рухсат берилади. Алкогол миқдори юқори бўлган алкоголли ичимликлар кўринишидаги, шунингдек, организмга зарар етказувчи дори воситалари кўринишидаги тўловлар бундан мустасно, бунга ҳеч қандай шароитда йўл қўйилмайди.

Ўзбекистон Сенати Конвенция нормалари республика қонунчилигига, шунингдек, «Ўзбекистон 2030» стратегиясининг мақсад ва вазифаларига тўлиқ мос келишини таъкидлади.

«Сенаторлар Конвенциянинг ратификация қилиниши меҳнат соҳасидаги миллий қонунчиликни такомиллаштириш ва халқаро меҳнат стандартларини самарали жорий этишни таъминлашга хизмат қилишини, шунингдек, Ўзбекистоннинг ходимлар ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш бўйича асосий халқаро принцип ва стандартларга содиқлигини кўрсатишини алоҳида таъкидладилар», — дейилади Ўзбекистон парламентининг Юқори палатаси баёнотида.

ℹ️ Ўзбекистон 95-сонли Конвенцияни ратификация қилган юзинчи давлат бўлди.