Ўзбекистонда автомобилларни рўйхатдан ўтказиш 68 бараварга қимматлашди

autostrada.uz сайти фотосурати

1 апрелдан бошлаб Ўзбекистонда автомототранспорт воситалари ва уларнинг тиркамаларини рўйхатдан ўтказиш ва қайта рўйхатдан ўтказиш учун тўловлар 68 бараварга оширилди, деб ёзади «Газета.uz» Ўзбекистон Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновнинг буйруғига таяниб.

Илгари барча автомобиллар ва тиркамаларни рўйхатдан ўтказиш ва қайта рўйхатдан ўтказиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 10 фоизи – 34 минг сўм (2,7 АҚШ доллари) тўланарди. Энди тўлов 6,84 БҲМ ёки 2,32 миллион сўмга (186 доллар) ошган.

Шу билан бирга, электромобиллар ва мототранспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш ва қайта рўйхатдан ўтказиш учун тўлов ставкалари 15 бараварга – 1,5 БРВ ёки 510 минг сўмга (41 доллар) ошади.

ℹ️ Review.uz маълумотларига кўра, 2023 йили Ўзбекистонда 1,69 миллион дона автомобил сотилган, бу ўтган йилга нисбатан 18 фоизга кўпдир. 2024 йил 1 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда жисмоний шахсларга тегишли енгил автомобиллар сони 4,020 миллион донадан ошган, улардан салкам 3,8 миллиони енгил автомобиллардир.

Статистика агентлиги уй хўжаликларида ўтказилган танлаб кузатишлар натижасида ҳар 100 та ўзбекистонлик хонадонга ўртача 57 та автомобил тўғри келишини аниқлаган. Бу рақам йилдан-йилга ортиб бормоқда. Агар 2010 йили 21 та машина бўлган бўлса, 2015 йилли — 42, 2020 йили — 49 та бўлган.