Эрондаги президентлик сайловларининг иккинчи босқичидан олдин номзодларга ташвиқот учун тўрт кун вақт берилди

ЭРОНДАГИ САЙЛОВЛАР, 2024 ЙИЛ 28 ИЮНЬ. AFP ФОТОСУРАТИ

30 июнь куни Эронда 5 июлга белгиланган президентлик сайловларининг иккинчи босқичи олдидан сайловолди ташвиқоти бошланди. Кампания овоз бериш кунига бир кун қолганда якунланади, деб хабар қилади PressTV Эрон Конституциявий кенгашига таяниб.

Эронда сўнгги 19 йил ичида илк бор икки турдан иборат президентлик сайловлари ўтказилмоқда. Биринчи турда тўрт номзод иштирок этди: консерватив лагернинг уч вакили ва ислоҳотчи Масуд Пезешкиян (Пезешкиан). Уларнинг ҳеч бири президент деб эълон қилиниши учун 50 фоиздан ортиқ овоз тўплай олмаган.

Иккинчи турга 10,4 миллиондан ортиқ сайловчи (42,45 фоиз) овози билан Масуд Пезешкиян ва 9,4 миллиондан ортиқ (38,61 фоиз) овоз билан Саид Жалилий ўтган.

Қолган икки номзод, Муҳаммад Боғир Ғолибаф ва Мустафо Поурмуҳаммади мос равишда 13,78% ва 0,84% овоз олган.

Сайловларда иштирок этиш рекорд даражада паст деб тан олинди — 1979 йилдан бери биринчи марта бу кўрсаткич 40 фоиздан кам бўлган: 61,4 миллиондан ортиқ эронлик сайлов ҳуқуқига эга эди, лекин ундан атиги 24,5 миллиони бундан фойдаланди.

🇮🇷 Эрондаги жорий президентлик сайловлари 1979 йили Ислом Республикаси ташкил топганидан бери 14 марта ўтказилмоқда. Ўшандан бери мамлакатда саккизта президент бўлган, улардан беш нафари икки марта сайланган. Сайловлар илк бор 2005 йили, консерватив Маҳмуд Аҳмадинажод мўътадил ислоҳотчи Акбар Рафсанжонийни мағлуб этганида икки турда ўтказилган. Кузатувчилар ёзда ҳам худди шундай сайлов натижасини кутишмоқда.

ℹ️ Эронда муддатидан олдин сайловлар мамлакат президенти Иброҳим Раиси жорий йил 19 май куни авиаҳалокатда вафот этганидан кейин эълон қилинган эди. Номзодларни рўйхатга олиш 30 майдан 3 июнгача давом этди. Сайлов комиссияси 278 кишидан атиги 80 нафар сиёсатчидан ҳужжатларни қабул қилди, натижада атиги олти нафари президентлик пойгасида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлди, бироқ сайлов кунигача уларнинг икки нафари ўз номзодини қайтариб олди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ