АҚШ ҳукумати Жаҳон озиқ-овқат дастури орқали Афғонистонга ёрдам беришни тўхтатди. Қарорга ёрдам муҳтожларга етиб бормаётгани, балки «Толибон»* томонидан ўз мақсадлари учун фойдаланилмоқда деган хавотирлар сабаб бўлган. Бу ҳақда Amu.tv АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Тэмми Брюсга асосланиб хабар берди.
Расмийнинг айтишича, гуманитар операцияларнинг тўхтатилиши пул ва бошқа ресурсларнинг охир-оқибат террористик гуруҳларга йўналтирилиши хавфи юқори экани ҳақидаги разведка маълумотларига асосланган.
Брюснинг қўшимча қилишича, ёрдам олувчиларга етиб бормаслигидан хавотир АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Афғонистоннинг озиқ-овқат дастури ва шунга ўхшаш бошқа лойиҳаларни қўллаб-қувватлашни бир неча бор тўхтатишига сабаб бўлган. Давлат департаменти матбуот хизмати раҳбарининг таъкидлашича, таҳлилчилар шу йўл билан толибларга камида 11 миллион доллар ўтказилганини аниқлашган. Бу маълумотлар АҚШ ҳукумати ҳаракатларига катта таъсир кўрсатган.
Шунингдек, бошқа давлатларга молиявий ёрдам кўрсатган қатор дастурлар тўхтатилгани ҳам маълум. Улар ҳисобот бериш муаммолари туфайли ёпилган, дея қўшимча қилди Давлат департаменти. Шу билан бирга, Жаҳон озиқ-овқат дастури доирасида USAID томонидан бошқариладиган лойиҳаларнинг 85 фоизи фаоллигича қолмоқда.
Ariananews Reuters агентлигига таяниб хабар беришича, Афғонистон АҚШдан ёрдам олишни тўхтатган давлатлар рўйхатидаги ягона давлат эмас. Шунингдек, бу ерга Яман, Сомали, Иордания, Ливан ва Сурия киради. Сабаби бир хил – маблағлар террорчилар қўлига тушишидан хавотир.
Умуман олганда, Қўшма Штатлар Жаҳон озиқ-овқат дастуридан жами 1,3 миллиард доллар олиши керак бўлган 14 мамлакатга ёрдамни музлатиб қўйган. Мутахассисларнинг фикрича, Оқ уй маъмуриятининг бу қарори очлик ва тўйиб овқатланмасликка дуч келган миллионлаб одамлар учун ўлим жазосини ўташи мумкин.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).