Европа Иттифоқи Ўзбекистонда мамлакатдаги фуқаролик жамияти ташкилотларини қўллаб-қувватлаш бўйича бешта лойиҳани ишга туширди. Ушбу ташаббусларни амалга ошириш учун жами 2,9 миллион еврога яқин маблағ ажратилди. Тегишли тақдимот 28 апрель куни Тошкентда бўлиб ўтди, дейилади Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси матбуот-релизида.
Европа Иттифоқи билан қўшма лойиҳалар фуқаролик жамиятининг сиёсий мулоқот, гендер тенглиги, ҳуқуқий таълим, медиасаводхонлик ва рақамли ҳуқуқларга қўшган ҳиссасини кучайтириш орқали мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлаши таъкидланади.
Хусусан, қуйидаги лойиҳалар ҳақида гап кетмоқда:
✅ EQUALITY. ACTED (ННТ, Техник ҳамкорлик ва тараққиёт агентлиги) томонидан «Оқ елкан» ижтимоий ҳимоя ва таълим маркази, Қашқадарё вилоятидаги «Юксалиш» ахборот-консалтинг ресурс маркази ва NIHOL нодавлат нотижорат маркази билан ҳамкорликда аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда фуқаролик жамиятини мустаҳкамлаш ва уларнинг имкониятларини кенгайтириш.
✅ SHIELD. Халқаро ҳуқуқшунослар комиссияси (ICJ) ва Тараққиёт стратегияси маркази билан ҳамкорликда амалга оширилаётган инсон ҳуқуқлари, таълим ва ҳуқуқий ривожланишни амалга оширишни кучайтириш.
✅ Human Rights in Action. Deutscher Volkshochschul-Verband e.V. (DVV Германия халқ таълими ассоциацияси), «Баркарор ҳаёт» халқаро ижтимоий-таълим маркази билан биргаликда амалга оширилаётган ёшлар ва ННТлар билан ўзгаришларни рағбатлантириш.
✅ Замонавий журналистикани ривожлантириш маркази ва Ҳуқуқий сиёсатни ўрганиш маркази (Қозоғистон) билан ҳамкорликда амалга оширилаётган Ўзбекистонда рақамли ҳуқуқ ва ОАВ ташаббуси (UDRMI).
✅ Конрад Аденауер жамғармасининг (KAS) «Юксалиш» ҳаракати билан ҳамкорликда амалга оширилаётган Ўзбекистонда инклюзив ривожланиш учун фуқаролик жамиятини кенгайтириш.
Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Тойво Клаар яқинда бўлиб ўтган «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё» саммити муваффақиятини қайд этиб, лойиҳаларнинг ишга туширилиши Европа Иттифоқининг минтақадаги фуқаролик жамиятини доимий қўллаб-қувватлашини акс эттиради, деб ҳисоблади. Сиёсатчининг сўзларига кўра, ушбу дастурлардан мақсад мамлакат аҳолисининг адолат, гендер тенглиги, ахборот ва рақамли ҳуқуқлар масалаларида фаол иштирок этиши учун шароит яратишдан иборат.
«Фаол фуқаролик жамияти демократик, инклюзив ва фаровон келажак барпо этишнинг зарурий шартидир ва ЕИ бу йўлда ишончли ҳамкор эканидан фахрланади», — дея хулоса қилди элчи.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази директори Акмал Саидов, ўз навбатида, 2030 йилгача бўлган стратегия доирасидаги ислоҳотлар изчил давом этаркан, фуқаролик жамиятини мустаҳкамлаш адолатли ва инклюзив жамият қуришнинг асосий элементига айланиб бораётганини таъкидлади.
«Европа Иттифоқи томонидан қўллаб-қувватланаётган ушбу лойиҳалар Марказий Осиё ва Европа ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш, фуқаролик жамияти фаоллари имкониятларини кенгайтириш ва инсон ҳуқуқларига асосланган ривожланишни рағбатлантириш йўлидаги муҳим қадамдир», — деди ҳуқуқ фаоли.
Шунингдек, ташаббуслар Тошкент, Қорақалпоғистон, Наманган, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё ва республиканинг бошқа вилоятларини қамраб олиши қайд этилди. Лойиҳалар фаоллар салоҳиятини ривожлантиради, ижтимоий ҳимояга муҳтож гуруҳларга ёрдам беради ва барча даражадаги фуқаролик жамияти ва давлат институтлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади.