Қозоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистон Устюрт платоси экотизимини биргаликда ҳимоя қилишга келишиб олди

Устюрт платоси. gazeta.uz сайти фотосурати

Қозоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистон вакиллари Устюрт платоси табиатини биргаликда муҳофаза қилишни кучайтириш бўйича «йўл харитаси»ни имзоладилар. «Газета.uz» таъкидлашича, ҳужжатни тайёрлашда халқаро ташкилотлар экспертлари фаол иштирок этган.

Хусусан, бу кўчиб юрувчи ҳайвонлар турларини сақлаш бўйича Бонн конвенцияси котибияти ва Михаэл Зукков фонди ходимларига тегишли. Охирги ташкилот вакили Рустам Мурзахоновнинг айтишича, «йўл харитаси» келгуси беш йилга мўлжалланган бўлиб, еттита асосий иш йўналишини ўз ичига олади:

✅ ёввойи ҳайвонлар ва уларнинг яшаш жойларини трансчегаравий муҳофаза қилиш;

✅ ноёб турларнинг трансчегаравий популяциялари мониторингини такомиллаштириш;

✅ Устюрт платосининг биологик хилма-хилликни сақлашдаги аҳамияти ҳақида хабардорликни ошириш;

✅ браконерликка қарши кураш;

✅ экотуризмни ривожлантириш ва иқтисодий ривожланишнинг биохилма-хилликка таъсирини камайтириш;

✅ гепардни реинтродукция қилиш бўйича биргаликдаги тадбирлар;

✅ халқаро экологик ҳамкорликни мустаҳкамлаш.

Мурзаханов таъкидлаганидек, ҳайвонларнинг эркин ҳаракатланиши билан боғлиқ муаммо 2012 йили Қозоғистон Евроосиё иқтисодий иттифоқи Божхона иттифоқи аъзоси сифатида ўз мажбуриятлари доирасида чегарани мустаҳкамлашни бошлаган пайтдан бошланган. Платода девор ва симтўсиқлар пайдо бўлган ва улар нафақат автомобилчиларга, балки фауна миграциясига ҳам тўсқинлик қилмоқда. Шу сабабли, фототузоқлар бўйича мутахассислар чегара участкаларининг айнан қаери ҳайвонлар учун хавф туғдиришини аниқлаганлар ва ҳукуматга тиканли симларнинг пастки қаторларини олиб ташлашни тавсия қилганлар.

Экологлар, шунингдек, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар (МТҲ) маъмуриятлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш ниятида. Платода уларнинг бештаси бор: учтаси ўзбек, бири Қозоғистон ва Туркманистонга тегишли. Мутахассиснинг фикрича, республикаларда мониторинг алоҳида методология ёрдамида олиб борилаётгани муаммони янада оғирлаштирмоқда ва шунинг учун тизимни унификация қилиш зарур.

«Агар ҳар бир давлат ўз ҳудудини ўзига хос тарзда ҳимоя қилса, ҳайвонларнинг миграция йўллари узилиб қолади, ҳимоясиз ва назоратсиз «ўлик зоналар» пайдо бўлади. Бу браконерлик ва ҳудудлар деградацияси хавфини оширади», — дея тушунтиради Мурзахонов.

Экологлар олдида энергетика соҳаси лойиҳаларининг атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш вазифаси турибди. Хусусан, бу ерда минглаб турбинали шамол станцияларини ўрнатиш режалаштирилган. Устюртда шамол турбиналарининг қурилиши «йўл харитаси»нинг кўп бандларига таҳдид солиши мумкин, деб ҳисоблайди Қозоғистон биохилма-хилликни ўрганиш ва сақлаш маркази директори Нурлан Онгарбаев. Унинг фикрича, тегинмаган ерларда йўллар каби инфратузилмани қуриш платонинг нозик экотизимини йўқ қилиши ва браконерларнинг бориш қийин бўлган ҳудудларга етиб боришини осонлаштириши мумкин.

Шу билан бирга, экспертлар, биринчи навбатда, экотуризм ривожланган тақдирда, экотизим мамлакатларга иқтисодий фойда келтиришига ишончи комил. Устюртда табиат ва маданият ёдгорликлари жуда кўп: қоялар, шўрхоклар, Орол денгизи бўйида ўтхона қароргоҳи ва бошқалар. Аммо бу ҳолатда юмшоқ туризмни жорий қилиш керак, оммавий ёки жип турлар эмас. Чунки, мутахассислар айтганидек, чўл шу қадар мўртки, биргина машина изида ўнлаб йиллар давомида гиёҳ ўсиб чиқмаслиги мумкин.

ℹ️ Устюрт платоси Ўрта Осиёнинг ғарбий қисмида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистон чегарасида жойлашган. Ҳудуд экстремал иқлим шароитларига эга: ёзда жуда иссиқ, қишда шамол ва совуқ. Шунга қарамай, бу ерда 700 дан ортиқ ўсимлик турлари ўсади, 230 га яқин қушлар ва 60 турдаги сутэмизувчилар, жумладан ноёб ҳайвонлар яшайди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ