АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги (DHS) Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга 30 апрель куни Марказий Осиё давлатларининг юздан ортиқ фуқаросини ўз ватанига депортация қилиш мақсадида чартер рейс ташкил этгани ва унинг харажатларини қоплагани учун миннатдорлик билдирди. Бу ҳақда DHS матбуот хизмати хабар берди.
«Биз 131 нафар ноқонуний мигрантни ватанига қайтариш учун рейс ташкил этгани учун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга миннатдорчилик билдирамиз», — дейди вазирлик раҳбари Кристи Линн Ноэм (Kristi Lynn Noem).
DHS Ўзбекистон ўз фуқароларининг депортация қилинишини тўлиқ молиялаштирганини таъкидлайди. Амалиёт икки давлат ўртасидаги хавфсизлик соҳасида яқин ҳамкорликни намойиш этади ва АҚШ иттифоқчилари учун стандарт вазифасини бажаради, дейилади баёнотда.
«Биз Ўзбекистон билан ўзаро хавфсизлигимизни мустаҳкамлаш ва қонун устуворлигини таъминлаш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга умид қиламиз», — дея қўшимча қилган Ноем.
Депортация рейсидаги йўловчилар орасида ўзбекистонликлардан ташқари Қозоғистон ва Қирғизистон фуқаролари ҳам бўлган. Уларнинг барчаси АҚШда ноқонуний яшагани аниқланиб, депортация қилиниши лозим бўлган хорижликлар рўйхатига киритилган.
Нью-Йоркдан Тошкентга махсус чартер рейс 30 апрелга белгилангани ҳақида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурханов маълум қилди.
«Мазкур репатриация ташаббуси хорижда оғир вазиятга тушиб қолган Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган бўлиб, халқаро меъёрлар, мажбуриятлар ва инсон ҳуқуқлари доирасида амалга оширилади. Гап виза талабларини бузган ёки АҚШда қонуний қолиш муддати тугаган фуқаролар ҳақида бормоқда. Репатриация жараёни инсонпарварлик ва ҳуқуқий тамойиллар асосида ташкил этилиб, фуқароларнинг муносиб ва хавфсиз қайтишини таъминлайди», — дейди Бурханов.
ℹ️ АҚШ янги президенти Дональд Трамп миграция сиёсати қатъийлаштирилганини бир неча бор эълон қилди. Жорий йил 20 январида бўлиб ўтган инаугурациясидан сўнг дарҳол ноқонуний мигрантлар мамлакатдан чиқариб юборила бошланди. АҚШ расмийларига кўра, 2024 йил ноябрь ҳолатига кўра Ўзбекистоннинг 975, Қозоғистоннинг 369, Қирғизистоннинг 319, Тожикистоннинг 149 ва Туркманистоннинг 40 фуқароси депортация қилиниши керак бўлган.