Ўзбекистон Афғонистондаги «Ҳайратон» саноат маркази қурилишини жадаллаштириш зарурлигига эътибор қаратди

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев IV Тошкент халқаро инвестиция форуми тадбирларида иштирок этаётган Афғонистон саноат ва савдо вазири вазифасини бажарувчи Нуриддин Азизийни қабул қилди. Томонлар иқтисодиётнинг турли йўналишлари бўйича ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Мирзиёев қўшни давлатлар ўртасидаги иқтисодий ва сармоявий шерикликнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади. «Ҳайратон» саноат марказини имкон қадар тезроқ қуриш зарурлиги қайд этилди. Мазкур лойиҳанинг ишга туширилиши объект ҳудудида фармацевтика, мебель, тўқимачилик, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш корхоналарини, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш заводларини жойлаштириш имконини беради.

Ўзбекистон раҳбари Тошкент йирик минтақавий инфратузилма лойиҳалари: Трансафғон темир йўли ва «Сурхон-Пули-Хумри» электр узатиш линияси қурилишини қўллаб-қувватлашда давом этишини тасдиқлади.

Республика раҳбари ва толиблар* ҳукумати вакили савдо-иқтисодий, транспорт-логистика, энергетика, қишлоқ хўжалиги, геология-қидирув ва тоғ-кон саноатида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларини ҳам муҳокама қилди.

Ишбилармонлик алоқалари фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми, қўшма корхоналар сони ортмоқда, икки мамлакат компаниялари иштирокида бизнес ташрифлари ва кўргазмалар мунтазам ўтказилмоқда. Термиз шаҳрида Халқаро савдо маркази муваффақиятли фаолият юритмоқда. Жорий йилнинг май ойида Кобул ва Мозори Шариф шаҳарларида савдо уйлари очилди.

Қайд этиш лозим, Ўзбекистон Президенти, эҳтимол, биринчи марта «Толибон» томонидан тузилган ҳукумат аъзоларини қабул қилди. Илгари республика раҳбарининг махсус вакиллари, вазирлар ва дипломатик корпус ходимлари даражасида кўплаб шундай музокаралар ўтказилгани маълум эди.

*«Толибон» ҳаракати бир қатор мамлакатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ