Буюк Британиянинг нуфузли Christie's ва Sotheby's аукцион уйлари Ўзбекистон билан ҳамкорликда хайрия аукционларини ташкил этиш ташаббуси билан чиқди. Бу ҳақда Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази (ИЦМ) матбуот хизмати хабар берди.
Марказ раҳбари Фирдавс Абдухолиқов Sotheby’s вакиллари — Марям Кало, Эдвард Гиббс ва Бенедикт Картер, ҳамда Christie’s вакиллари — Марго Оганесян ва Сара Памбли билан учрашувида аукционлар ўтказиш таклифи илгари сурилди.
Шундай қилиб, жорий йил сентябрь ойида Christie's билан ҳамкорликда халқаро хайрия аукциони ўтказилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, Буюк Британияда «Ўзбекистон меросига оид артефактлар кўргазмаси»ни ташкил этиш режалаштирилган.
Учрашувларда ҳамкорлик истиқболлари, аукцион фаолиятидаги ўзаро ҳамкорлик ва тарихий ашёларни республикага қайтариш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, 2025 йил 29–30 апрель кунлари Sotheby’sда ўтказилган савдоларда Ўзбекистон маданий меросига оид 34 та лот танлаб олинди. Шунингдек, 1 май куни Christie’s аукционида 14 та тарихий артефакт бўйича таклифлар берилди ва уларни расмий харид қилиш юзасидан келишувларга эришилди. Мазкур лотлар Ислом цивилизацияси маркази экспозициясига қўшилиши режалаштирилган.
«Ислом цивилизацияси маркази Буюк Британияда билан ҳамкорликни янги, стратегик ривожланиш босқичига олиб чиқмоқда. Ушбу ҳамкорлик маданий меросни асраб-авайлаш, уни халқаро миқёсда намоён этиш ва ўзбек халқининг бой тарихи ҳамда санъатини жаҳон ҳамжамиятига танитишда муҳим қадам ҳисобланади», — дейилади ИЦМ матбуот хизмати хабарида.