Афғонистоннинг Бадахшон вилоятида толибларга қарши ҳужумлар кўпайди

Бадахшон, Афғонистон

Афғонистонда Файзобод шаҳрида губернатор қароргоҳи яқинидаги назорат-ўтказиш пунктига ҳужум қилинди. Afghanistan International нашрига кўра, 11 август, сешанба куни кечқурун Бадахшон вилояти пойтахтида толиблар губернатори офиси яқинида жойлашган блокпост ракета зарбаларига учраган. Позицияга икки реактив снаряд отилган, шундан сўнг ҳудудда айрим ўқ узиш овозлари эшитилган. Ҳужум учун ҳеч ким жавобгарликни ўз зиммасига олмаган, Толиблар ҳукумати эса ҳодисани изоҳламаган.

«Фарғона» аввали хабар қилганидек, Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаб турган «Толибон» ҳаракати қуролли мухолифат фаоллиги кескин кучайгани фонида Бадахшон вилоятида кенг кўламли ҳарбий операция тайёрламоқда. Толиблар Бадахшоннинг тоғли ҳудудларига қўшимча кучларни жўнатиши ва ҳаракат қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи Фасиҳуддин Фитратнинг шахсан минтақага келиши нафақат «Миллий қаршилик фронти» ва «Афғонистон озодлиги фронти» партизан рейдлари кўпайгани, балки 28 июль куни толибларнинг Бадахшон вилояти ахборот ва маданият бошқармаси раҳбари Забиҳулла Амирий ўлдирилгани билан ҳам боғлиқ. Унинг ўлдирилиши учун жавобгарликни «Ислом давлати»нинг* минтақавий бўлинмаси ўз зиммасига олган.

Шунингдек, «Фарғона» агентлиги июль ойида янги қуролли гуруҳ — «Сепаҳиян-е Меҳан» («Ватан жангчилари») Яфтали-Суфла туман марказини бир неча соат давомида назорат қилгани ҳақида хабар берганди. Бу вилоятда сўнгги беш йил ичида кучайиб бораётган партизанлик ҳаракатининг энг кўзга кўринган воқеаларидан бири бўлди.

*Кўпгина мамлакатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган ташкилот