Украин дронларининг Россия ҳудудидаги омборларга қилган ҳужумлари сабаб зарар кўраётган Wildberries компанияси бошқа мамлакатларда, жумладан Ўзбекистон ва Қозоғистонда логистика инфратузилмасини яратмоқда. Бироқ, компаниянинг асосий логистика қувватлари Россия ҳудудида қолади, деб хабар беради Spot.uz маркетплейс матбуот хизмати баёнотига таяниб.
«Компаниянинг асосий логистика қувватларини Россия Федерацияси ҳудудидан ташқарига кўчириш ҳақидаги оммавий ахборот воситаларидаги хабарларни биз вазиятни ортиқча ҳиссий тарзда кескинлаштириш сифатида баҳолаймиз. Бу бизнинг бизнес жараёнларимизнинг моҳиятини акс эттирмайди», — дея таъкидлайди Wildberries.
Компания матбуот хизмати ҳозирги вақтда барча зарур ресурслар логистика тизимини тиклаш ва платформанинг барқарор ишлашини таъминлашга йўналтирилаётганини қўшимча қилди.
Шу билан бирга, компания фаолият юритаётган мамлакатларда инфратузилмани кенгайтириш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда. Маркетплейс вакиллари хорижда омбор биноларини қуриш ишлари режа асосида олиб борилаётганини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, июнь ойида — Россиядаги WB омборларига кенг кўламли ҳужумлар бошланишидан олдин — Ўзбекистонда Марказий Осиё логистика хабини ташкил этиш режалари ҳақида хабар берилган эди. Ушбу лойиҳага 300 миллион доллардан ортиқ маблағ инвестиция қилиш кўзда тутилган. Режага кўра, хаб Тошкент вилоятидаги майдони қарийб 170 минг квадрат метр бўлган саралаш маркази ва қурилаётган омбор мажмуасини, шунингдек, бошқа мамлакатлардаги инфратузилмани бирлаштириши керак эди. Компания режасига мувофиқ, ушбу логистика тугуни Марказий Осиёдан товарларни экспорт қилиш учун асосий майдонга айланиши, Россия — Ўзбекистон — Яқин Шарқ йўналишини боғлаши ҳамда Хитойдан Африкага маҳсулотлар транзитини таъминлаши керак.
Шу билан бирга, The Moscow Times нашри хабар беришича, маркетплейс ходимлари Россиялик сотувчилар билан бўлиб ўтган учрашувда ҳамкорларни товарларни узоқ муддатли сақлаш учун хорижга йўналтириш ҳақида ишонтирган. Хусусан, «узоқ муддатли» омборлар Беларусь, Қозоғистон ва Ўзбекистонда пайдо бўлиши айтилган. Учрашув иштирокчиларидан бирининг сўзларига кўра, Wildberries вакиллари хориждаги омборларнинг бир қисми аллақачон ишлаётганини — улар орасида компаниянинг ўз омборлари ҳам, ижарага олинган объектлар ҳам борлигини билдирган. Шунингдек, айрим товарлар «ҳозирнинг ўзида» қисман ушбу омборларга йўналтирилаётгани айтилган.
Кўплаб селлерлар аллақачон норозилик билдирмоқда, чунки бундай логистика сабабли улар етказиб бериш муддати ва харажатлари бўйича рақобатчиларга ютқазиши мумкин. Айниқса, айланмасининг 80 фоизигача қисми узоқ муддатли сақлаш омборлари орқали амалга ошириладиган йирик сотувчилар бундан кўпроқ зарар кўриши мумкин.
Яна бир муаммо — чегарадан ўтишда божхона декларациясини тўлдириш зарурати. Wildberries ҳамкорларидан бирининг тан олишича, кўп ҳолларда товарлар Россияга «кулранг» ёки ҳатто «қора» схемалар орқали киритилади. Шу сабабли йирик етказиб берувчилар божхона жараёнларидан ўтишни уддалай олиши мумкин, кичик тадбиркорлар эса қийинчиликларга дуч келади.
Яна бир россиялик тадбиркорнинг тахминига кўра, Қозоғистондаги омборларга Хитойдан маҳсулот етказиб бериш осонроқ бўлади ва бу Россиялик селлерлар учун рақобатни кучайтиради. Сотувчининг таъкидлашича, унинг бизнесига асосий зарбани Украина дронлари эмас, балки Хитойдан келаётган арзон товарлар бериши мумкин.
ℹ️ Россиядаги Wildberries логистика объектларига ҳужумлар 18 июль куни бошланган. Тамбов, Москва, Краснодар, Ленинград, Твер, Самара, Владимир, Волгоград, Тула, Свердловск вилоятлари, Ставрополь ўлкаси, Удмуртия, Қрим ва Санкт-Петербургдаги омборлар ҳамда саралаш марказлари дронлар зарбасига учраган. Айрим объектларда йирик ёнғинлар юз берган, бир қатор омборлар эса вақтинча ишини тўхтатган. Дрон ҳужумлари оқибатида компаниянинг бир неча ходими ҳалок бўлган, камида 100 киши жароҳат олган, сотувчиларга тегишли юзлаб миллиард рубллик товарлар тўлиқ ёниб кетган ёки зарар кўрган.



