Нью-Йоркда жойлашган Журналистлапарни ҳимоя қилиш кўмитаси (CPJ) Қозоғистон ҳукуматини «Просто журналистика» YouTube-канали муаллифи, журналист Луқпон Аҳмедяровни таъқиб қилишни тўхтатишга чақирди. Бу ҳақда ташкилот баёнотида сўз юритилган.
CPJ маълумотларига кўра, 3 август куни Аҳмедяровга Қозоғистондан чиқиш тақиқланган. Журналист Остонадан Черногорияга, оиласи билан таътил ўтказиш учун учиши керак бўлган, аммо парвоз қила олмаган. Чегара назорати вақтида унга чиқишга қўйилган чеклов полиция томонидан киритилгани айтилган.
Аҳмедяровнинг ўзи CPJга қўшимча тушунтиришлар берилмаганини маълум қилган. Унинг фикрича, тақиқ 31 июль куни полицияга чақирилгани билан боғлиқ. Ўша куни у 2025 йил апрелида эълон қилинган, Украинада Россия томонида урушда қатнашган деб тахмин қилинган Қозоғистон фуқаролари рўйхати келтирилган материаллар юзасидан сўроқ қилинган. Ушбу рўйхат аввалроқ Украинанинг «Хочу жить» лойиҳаси томонидан эълон қилинган эди.
CPJ таъкидлашича, рўйхатга киритилган икки нафар Қозоғистон фуқароси улар хатолик туфайли рўйхатга киритилганини билдирган ва журналистни жавобгарликка тортишни очиқ талаб қилган.
Аҳмедяров унга нисбатан атайлаб ёлғон маълумот тарқатиш ёки шахсий маълумотларни ноқонуний тарқатиш ҳақидаги моддалар асосида жиноят иши қўзғатилишидан хавотирда. CPJ бу хавотирларни асосли деб ҳисоблайди ва сўнгги вақтларда Қозоғистон журналистларига нисбатан қўзғатилган жиноят ишларини мисол келтиради: айрим журналистлар ҳибсга олинган, уй қамоғига жойлаштирилган ёки касбий фаолияти чекланган.
Ташкилот Аҳмедяровга 2012 йилда ҳужум қилинганини ҳам эслатади: у саккиз марта пичоқланган ва травматик қуролдан икки марта ўқ узилиши натижасида жароҳат олган. Сўнгги йилларда журналист Қозоғистон фуқароларини Россиянинг Украинага қарши урушида қатнашиш учун ёллаш мавзусини ёритиб келмоқда.
CPJ маълумотига кўра, 2025 йил апрель ойида Аҳмедяров худди шу мавзуга оид материаллар сабаб ёлғон маълумот тарқатиш иши доирасида ушланган ва сўроқ қилинган. 2026 йил июнь ойида эса у яна қисқа муддатга ушланган ва унга нисбатан Россияда қўзғатилгани айтилган, аммо тафсилотлари очиқланмаган жиноят иши мавжудлиги ҳақида хабар берилган.
Бундан ташқари, қўмита сўнгги бир йил давомида журналистнинг ижтимоий тармоқлардаги аккаунтлари бир неча бор блоклангани, шунингдек, гўёки муаллифлик ҳуқуқлари бузилгани ҳақидаги шикоятлардан кейин унинг материаллари ўчирилганини маълум қилди. Июль ойида номаълум шахс Аҳмедяров автомобилига бўёқ сепган.
CPJ Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги орқали Остона полициясига сўров юборган. Бироқ, баёнот эълон қилинган пайтга қадар жавоб олинмаган.
Луқпон Аҳмедяров — Қозоғистонда танилган журналист, фуқаролик фаоли ва ҳуқуқ ҳимоячиси. У «Уральская неделя» нашрининг собиқ бош муҳаррири бўлиб, кўплаб шов-шувли журналистик суриштирувлар муаллифи ҳисобланади. Сўнгги йилларда у YouTubeдаги «Просто журналистика» лойиҳаси доирасида Украинадаги уруш ҳақида бир нечта махсус репортажлар тайёрлаган.
Ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар Қозоғистонда мустақил оммавий ахборот воситалари ва журналистларга нисбатан босим кучайиб бораётгани ҳақида бир неча бор маълумот берган. Сўнгги бир йил ичида мамлакатда медиа ва блогерлар вакилларига қарши ўнлаб жиноят ишлари қўзғатилган, судлар эса уларга озодликни чеклаш ва журналистик фаолият билан шуғулланишни тақиқлаш каби жазолар тайинлаган.



