Бишкек шаҳар суди прокуратура ва ҳимоя томони биринчи инстанция қароридан шикоят қилганидан сўнг «75 шахс макутби» деб аталадиган ишни кўриб чиқди. Якунларга кўра, айблов Қирғизистон Жиноят кодексининг бошқа моддасига қайта малакаланди ва ҳукмга кичик ўзгартишлар киритилди. Суд мажлиси ёпиқ тарзда ўтказилди, деб хабар беради Kaktus.media.
Шаҳар суди Қирғизистон пойтахти Первомайский туман судининг биринчи инстанция ҳукмини ўзгартирди. Иш фигурантлари, жумладан, Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ раиси Қамчибек Тошиев Жиноят кодексининг 195-моддаси («Сайлов ҳуқуқларини амалга оширишга тўсқинлик қилиш») бўйича айбдор деб топилди. Аввалроқ улар «Ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олишга уриниш» (326-модда) бўйича судланган эди.
Янги ҳукмга кўра, «75 шахс мактуби» иши бўйича ҳар бир фигурантга тўрт йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди ва кейинги икки йил давомида пробация қўлланилди. Биринчи инстанция ҳукми ҳам худди шундай эди, бироқ ўшанда пробация муддати уч йилни ташкил этганди. Эслатиб ўтамиз, агар белгиланган муддат давомида маҳкумлардан бирортаси қонун ёки пробация шартларини бузса, у жазони ўташ колониясига юборилади.
Муҳими шундаки, аввалги айбловлар бўйича жазо мол-мулкни мусодара қилишни ҳам назарда тутган эди. Бироқ, 195-моддада бундай чора мавжуд эмас. Шунга кўра, ҳукмнинг айнан шу жиҳати юмшатилган.
Тошиевдан ташқари, «75 шахс макутби» иши фигурантлари рўйхатида қуйидагилар бор:
Нурланбек Тургунбек уулу, Жогорку Кенеш (парламент) собиқ спикери;
Қурманкул Зулушев, республика собиқ Бош прокурори;
Бекболот Талгарбеков, жамоат арбоби;
Эмилбек Узақбаев, Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси;
Қурманбек Дийканбаев, Жогорку Кенеш собиқ депутати;
Аали Карашев, Қирғизистон собиқ Бош вазир ўринбосари;
Қурсан Асанов, ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари.
Қайд этиш лозим, биринчи инстанция судининг ҳукридан ҳар икки томон ҳам шикоят қилган. Адвокатлар ўз мижозларини оқлашни талаб қилган бўлса, прокуратура барча айбланувчиларга тўққиз йилдан қамоқ жазоси тайинлашни сўраган.
Ҳимоя вакилларининг сўзларига кўра, Бишкек шаҳар судининг ҳукми ҳам иш фигурантларини қаноатлантирмаган. Улар республика Олий судига шикоят бериш ниятида.
ℹ️ 2026 йил 9 февраль куни Қирғизистон раҳбари Садир Жапаров ва парламент спикерига мурожаат эълон қилиниб, унда муддатидан олдин президентлик сайловини ўтказишга чақириқ билдирилган эди. Мактуб остида 75 нафар кишининг имзоси бўлган. Эртаси куни, 10 февралда Жапаров Қамчибек Тошиевни Бош вазир ўринбосари ва МДМК раиси лавозимларидан озод қилди. У ўз қарорини «жамиятда, жумладан, давлат тузилмалари ўртасида бўлинишга йўл қўймаслик, аксинча, бирдамликни мустаҳкамлаш» истаги билан изоҳлади. Кейинчалик Тошиевга нисбатан «75 шахс мактуби» деб аталадиган иш бўйича жиноий иш қўзғатилди.
Июль ойи бошида ҳукм чиқарилди. Иш фигурантлари ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олишга уринишда айбдор деб топилиб, мол-мулкини мусодара қилиш билан тўрт йилдан озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинди. Бироқ, уларнинг барчасига кейинги уч йил муддатга пробация қўлланилди. Шу билан бирга, «75 шахс мактуби» имзочилари лавозим ваколатини суиистеъмол қилишда айблангани бўйича оқланди.



