«Толибон» қизларнинг хусусий университет ва коллежларга кириш имтиҳонини топширишини тақиқлади

Афғон талаба қизлари. Aamaj News сайти фотосурати

«Толибон»* радикал ҳаракати томонидан тузилган ҳукуматдаги Афғонистон Олий таълим вазирлиги февраль ойида хусусий университет ва коллежларга қизларнинг кириш имтиҳонларида қатнашишини тақиқлади. Толибларнинг тегишли буйруғи Aamaj News ахборот агентлиги томонидан эълон қилинган.

Вазирлик мактуби Афғонистоннинг шимолий вилоятларидаги муассасаларга, жумладан Кобулга ҳам йўлланган. Хатда қоидаларга риоя қилмаган муассасалар жавобгарликка тортилиши қайд этилган.

Ўтган йил баҳорида радикаллар 12 ёшдан ошган қизларнинг мактабларда ўқишини тақиқлаган эди. Декабрь ойининг иккинчи ярмида қизларнинг олий ўқув юртларида ўқишини тақиқловчи фармон чиқарилди, гарчи бундан уч ой олдин Афғонистондаги университетларга кириш имтиҳонлари ўтказилган ва минглаб аёллар ўқишга кирган бўлсаларда. Толиблар, шунингдек, афғон аёлларига нодавлат ташкилотларда ишлашни ҳам тақиқладилар.

Айни пайтда Афғонистонга қўшни бўлган давлатлар ўз ҳудудида афғон қизларининг таълим олиши учун шароит яратиб беришмоқда. Шу тариқа Қозоғистон Европа Иттифоқи билан биргаликда афғон қизларига мамлакат университетларида таълим олиш имконини берувчи дастурни қайтадан бошлади. Ўзбекистонда эса мамлакатда яшовчи афғонларга янги билим ва кўникмалар берадиган, уларнинг моддий аҳволини яхшилаш ва оиласини қўллаб-қувватлашга хизмат қилувчи Европа Иттифоқининг билим маркази очилди.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда ҳарбий марш бўлиб ўтди

  • Алия Назарбоеванинг рейдерлик билан боғлиқ можаро марказида қолгани ва нега бу ишни ҳеч ким тергов қилишни хоҳламаётгани ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди