Ўзбекистон ҳукумати мамлакатнинг тарихий шаҳарлари — Бухоро, Самарқанд, Хива, Шаҳрисабз ва Тошкентни муҳофаза қилиш учун принципиал жиҳатдан янги Heritage Impact Assessment (HIA — маданий мерос объектларига таъсирни баҳолаш) тизимини жорий этади. Кутилишича, HIA қурилиш ва инфратузилма жадал ривожланаётган шароитда маданий ёдгорликларнинг ўзига хослигини сақлаб қолиш имконини беради. Ушбу ва бошқа ташаббуслар 10 сентябрь куни мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган йиғилишда муҳокама қилинди, дея хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати.
Тегишли идоралар вакиллари Ўзбекистоннинг маданий-тарихий меросини асраб-авайлашга қаратилган қатор лойиҳалар ҳақида маълумот бердилар. Жумладан, маданий мероснинг ягона рақамли платформасини, объектларнинг рақамли эгизакларини, Heritage Open Data тизимини, шунингдек, маданий мерос бўйича ситуацион марказни ташкил этиш таклиф этилмоқда. Бу марказ IoT-сенсорлар, сунъий йўлдош маълумотлари, видеотаҳлил ва сунъий интеллект воситаларидан фойдаланган ҳолда мониторинг олиб бориш имконини беради. 2030 йилга қадар барча маданий мерос объектларини рақамлаштириш режалаштирилган.
Туристлар оқимини бошқаришга мўлжалланган Visitor Management тизимини жорий этиш ғояси ҳам муҳокама қилинди. Шунингдек, рақамли чипталардан фойдаланишни кенгайтириш, ташриф буюрувчилар оқимини прогноз қилиш жараёнини такомиллаштириш ва зарурат туғилганда айрим объектларга ташриф буюриш учун лимитлар жорий этиш масалалари кўриб чиқилди.
Бундан ташқари, анъанавий усуллар ва замонавий технологияларни уйғунлаштирган ихтисослаштирилган мозаика марказини ташкил этиш таклиф қилинди. Марказнинг асосий вазифаси Тошкент мозаика мактабини асраб қолиш ва монументал санъатнинг ушбу йўналиши бўйича янги мутахассисларни тайёрлашдан иборат бўлади.
«Ичан-Қалъа» музей-қўриқхонаси ҳудудида «Оллоқулихон карвон саройи» савдо марказини ташкил этиш масаласи кўтарилди. Ҳозирда мажмуа ҳудудида дўконлар ва совғалар сотиладиган расталарнинг тартибсиз жойлаштирилиши унинг визуал яхлитлигини бузмоқда ва сайёҳлар учун ноқулайликлар туғдирмоқда.
Мамлакат президенти ҳузурида маданий бойликларни репатриация қилиш бўйича комиссия ташкил этилади. Унинг асосий вазифаси Ўзбекистонга ноёб тарихий ёдгорликлар, камёб қўлёзмалар, бошқа артефактлар ва санъат асарларини қайтаришдан иборат бўлади.
Шунингдек, Самарқанддаги Биби-Хоним мажмуасини Aga Khan Trust for Culture билан ҳамкорликда реставрация қилиш режалаштирилмоқда. Лойиҳа объектда архитектура консервацияси, илмий тадқиқотлар ва реставрация ишларини бошқариш бўйича халқаро стандартларни жорий этишни назарда тутади.
Йиғилишда қайд этилишича, сўнгги йилларда тарихий ёдгорликларни реставрация қилиш учун давлат бюджетидан 466 миллиард сўмдан (39,5 миллион доллар) ортиқ маблағ ажратилган. 55 та объектдаги лойиҳалар якунланган, 152 тасида ишлар давом этмоқда. Бундай иншоотларни қисқа муддатли ижарага бериш минглаб тадбиркорларни ушбу жараёнга жалб қилиш имконини берган. Масалан, ўтган йили 52 та объектга маҳаллий ва хорижий инвесторлар томонидан қарийб 153 миллиард сўм (13 миллион доллар) инвестиция киритилган.
ЮНЕСКО йўналишида эришилган натижалар алоҳида қайд этилди. Бутунжаҳон мероси қўмитасининг 48-сессиясида Ўзбекистоннинг “Тошкентнинг модернизм меъморчилиги: Марказий Осиё замонавийлиги ва анъаналари” миллий номинацияси Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилди. Номинация таркибига Тошкент шаҳридаги 10 та муҳим объект киритилди.
Энди «Зомин тоғлари» номли янги номинация тайёрланди. Ушбу ҳудуд давлат қўриқхонаси ва миллий табиат боғини ўз ичига олиб, қимматли арчазорлар ҳамда ноёб ҳайвонлар ва қушлар яшаш жойларига эга бўлган ягона тоғ мажмуасини ташкил этади. Ўзбекистон ҳукумати ушбу объектни ҳам ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритиш устида иш олиб бормоқда.



